Уфада дарёда чўмилган ўзбекистонлик фожиали тарзда ҳалок бўлди

Россиянинг Уфа шаҳрида Ўзбекистон фуқароси Белая дарёсида чўмилаётган вақтда кучли сув оқимига тушиб фожиали тарзда ҳалок бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, еркак ҳавонинг кескин иссиқлиги сабабли «Каменная Переправа» яқинидаги чўмилиш тақиқланган ва хавфли деб белгиланган ҳудудда сувга тушган. Уфа фуқаро муҳофазаси бошқармаси маълум қилишича, 22 июлдан 28 июлга қадар бир ҳафта ичида шаҳарда 87 нафар инсон қутқариб қолинган.
Россиянинг Уфа шаҳрида Ўзбекистон фуқароси билан боғлиқ аянчли ҳодиса содир бўлди. Эркак Белая дарёсида чўмилаётган вақтда кучли сув оқимига тушиб, ҳалок бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, фуқаро ҳавонинг кескин иссиқлиги сабабли «Каменная Переправа» яқинидаги кўприк остида сувга тушган. Мазкур ҳудуд чўмилиш учун тақиқланган ва хавфли жой сифатида белгиланган. Кучли оқим таъсирида у сув остига ғарқ бўлган.
Уфа фуқаро муҳофазаси бошқармаси маълум қилишича, 22 июлдан 28 июлга қадар бир ҳафта ичида шаҳарда 87 нафар инсон, жумладан 33 нафар бола қутқариб қолинган. Шунингдек, Белая дарёсида жойлашган «Солнечний» пляжи ҳудудида 74 нафар фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Таққослаш учун, 2025 йил давомида қутқарувчилар сув ҳавзаларидан жами 30 нафар кишини, шу жумладан 8 нафар болани қутқарган эди. Бу йил эса фақат июль ойидаги бир ҳафтанинг ўзида ўтган йилнинг бутун ёз мавсумига нисбатан қарийб уч баравар кўпроқ инсон қутқарилган.
Мутахассислар бу ҳолатни юқори ҳарорат ва дарёлардаги сув сатҳининг кўтарилиши билан изоҳламоқда. Уларга кўра, Белая ҳамда Уфа дарёларида сув оқими жуда кучайгани сабабли чўмилиш ҳаёт учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Шу муносабат билан масъул идоралар аҳолидан тақиқланган ҳудудларда сувга тушмасликни сўраб, дам олиш учун махсус рухсат этилган соҳиллар ёки кўлларни танлашни тавсия этмоқда.






























Изоҳлар 0
…