Дунё харитасида яна бир давлат номи ўзгарди

Тинч океанидаги Науру расман Наоеро Республикаси деб атала бошланди. Мамлакатнинг халқаро коди НРУ ўрнига НРО бўлди, фуқаролари еса енди дей-Наоеро деб аталади. Янги ном маҳаллий тил, тарихий мерос ва асл талаффузга мослаштирилган бўлиб, Конституцияга киритилган тузатишлар парламент томонидан маъқулланган. Қарийб 12 минг нафар аҳолиси бор Наоеро денгиз сатининг кўтарилиши ва иқлим ўзгариши оқибатларига жиддий дуч келмоқда.
Тинч океани ҳудудида жойлашган ва дунёда аҳолиси энг кам давлатлардан бири сифатида танилган Науру расман ўз номини ўзгартирди. Энди мамлакат халқаро майдонда Наоеро Республикаси номи билан юритилади. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, янги ном мамлакатнинг маҳаллий тилидаги тарихий номи ҳамда унинг асл талаффузига мослаштирилган. Шу муносабат билан давлатнинг халқаро коди ҳам ўзгаради. Илгари қўлланилган NRU ўрнига эндиликда NRO коди ишлатилади. Шунингдек, мамлакат фуқаролари ҳам аввалгидек «наурулик» эмас, балки дей-Наоеро деб аталади.
Президент Девид Адеангнинг таъкидлашича, мазкур ўзгариш мамлакатнинг бой тарихий мероси, миллий тили ва халқнинг ўзлигини янада тўлиқ намоён этишга хизмат қилади. Давлат раҳбари ушбу ташаббусни жорий йил бошида парламент муҳокамасига киритган. Кейинчалик Конституцияга тегишли тузатишлар депутатлар томонидан икки босқичли овоз бериш жараёни орқали маъқулланган.
Ҳукумат расмий баёнотига кўра, «Науру» номи илгари халқаро майдонда хорижликлар учун талаффуз қилиш осон бўлиши мақсадида қўлланган. Бироқ «Наоеро» мамлакатнинг асл, тарихий ва анъанавий номи ҳисобланади. Шу боис расмийлар айнан шу номни давлатнинг ҳақиқий миллий тимсоли сифатида қайта тиклашга қарор қилган.
Қарийб 12 минг нафар аҳоли истиқомат қиладиган Наоеро аҳолиси сони бўйича дунёда фақат Ватикан ва Тувалудан кейин учинчи ўринни эгаллайди. Мамлакат 1968 йилда мустақилликка эришган. Бир вақтлар фосфат қазиб олиш орқали катта иқтисодий даромадга эришган давлат кейинги йилларда табиий захираларнинг камайиши натижасида жиддий иқтисодий инқирозга дуч келган.
Бугунги кунда Наоеро иқлим ўзгариши таъсирини энг кучли ҳис этаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Денгиз сатҳининг тобора кўтарилиши орол давлати учун жиддий хавф туғдирмоқда. Шу сабабли ҳукумат соҳилбўйи инфратузилмасини муҳофаза қилиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга кўчириш ва иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Расмийларнинг билдиришича, мамлакат номининг ўзгартирилиши Наоеро учун «миллий ғурурнинг янги босқичи»ни бошлаб беради. Шунингдек, ҳукумат дунёнинг турли давлатлари ва халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб, янги номни расман тан олишларини сўраган.
Маълум бўлишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шунингдек Австралия, Янги Зеландия ҳамда минтақадаги АҚШ ва Хитой дипломатик ваколатхоналари ўз расмий манбаларида мамлакат номини Наоеро сифатида қайд этишни бошлаган.
Эслатиб ўтиш жоиз, мазкур жараён жорий йилнинг 29 январь куни Президент Девид Адеанг мамлакат номини ўзгартириш бўйича Конституцияга тегишли тузатишларни парламентга киритиши билан бошланган эди. Кейинчалик, 12 май куни парламент ушбу ўзгаришларни маъқуллади. Июнь ойида эса Науру ҳукумати янги номни халқаро даражада тан олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига расмий мурожаат йўллади. Шундан сўнг Наоеро номи БМТнинг расмий маълумотлар базасида ҳам акс эттирилди.






























Изоҳлар 0
…