Рекорд иссиқлик зоопаркда уч шернинг умрига зомин бўлди

Япония пойтахти Токиодаги Тама зоопаркида кучли иссиқ оқибатида уч урғочи шер нобуд бўлди. Мамлакатда кузатилаётган рекорд даражадаги жазирама нафақат одамлар, балки ҳайвонлар ҳаётига ҳам жиддий хавф туғдирмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Зоопарк маъмурияти маълумотига кўра, бир ҳафта ичида ёши 3 дан 15 ёшгача бўлган уч урғочи шер ҳалок бўлган. Дастлабки ветеринария текширувлари уларда кучли сувсизланиш ва бир вақтнинг ўзида бир нечта аъзолар фаолияти издан чиққанини кўрсатган. Мутахассислар бу ҳолатнинг асосий сабаби сифатида юқори ҳароратни кўрсатмоқда.
Тама зоопарки вакили Мива Косака бундай ҳолат илгари ҳеч қачон кузатилмаганини таъкидлади.
«Бу биз учун биринчи шундай ҳодиса. Ўтган ёз ҳам иссиқ бўлган эди, аммо арслонларимиз орасида бундай йўқотиш бўлмаган», — деди у.
Маълум қилинишича, 3 ёшли Муги 19 июль куни овқат ейишдан бош тортган. Орадан бир кун ўтиб у оёққа тура олмай қолган. Ходимлар уни совутиш, организмга суюқлик, витамин ва дори воситалари бериш орқали қутқаришга ҳаракат қилган. Бироқ шер 28 июль куни нобуд бўлган. Кейинчалик 31 июль куни 11 ёшли Ичиго, 3 август куни эса 15 ёшли Луэна ҳам ҳалок бўлган.
Ҳозирда яна уч шер — икки эркак ва бир урғочининг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Улар мустақил ҳаракатлана олмаяпти ва доимий ветеринария назорати остида даволанмоқда. Шу билан бирга, яна тўрт шернинг аҳволи яхшиланаётгани, олти шерда эса ҳеч қандай муаммо кузатилмагани маълум қилинди.
Зоопарк ҳайвонларни ҳимоя қилиш мақсадида махсус совутиш тизимларини ишга туширган. Арслонлар кўчма кондиционерлар ва саноат вентиляторлари ўрнатилган ҳудудларга жойлаштирилмоқда.






























Изоҳлар 0
…