Эль-Ниньо кучаймоқда: миллионлаб одамлар очлик хавфи остида қолади

Эль-Ниньо кучаймоқда: миллионлаб одамлар очлик хавфи остида қолади
Қисқача

БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури кучайиб бораётган Эл-Нино сабаб яқин ойларда дунёнинг энг заиф минтақаларида яшовчи қарийб 50 миллион киши ўткир очлик хавфига дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Эл-Нино жорий йилнинг сентябр ойида кучайиши, ўткир озиқ-овқат танқислигига учраётганлар сони эса 225 миллиондан 274 миллион нафаргача, яни қарийб 22 фоизга ошиши кутилмоқда.

БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури кучайиб бораётган Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси оқибатида дунёнинг энг заиф минтақаларида яшовчи яна қарийб 50 миллион киши яқин ойларда ўткир очлик хавфига дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ташкилот маълумотларига кўра, очликнинг ўткир фазаси инсонларнинг кундалик энг асосий озиқ-овқат эҳтиёжларини ҳам қондириш имкони қолмайдиган вазиятни англатади. Мутахассислар таъкидлашича, Эль-Ниньонинг кучайиши озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин.

Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари вазифасини бажарувчи Карл Скаунинг сўзларига кўра, Эль-Ниньо миллионлаб инсонларнинг ҳаёти ва турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади. Унинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият иқлим билан боғлиқ хавфларга қанчалик эрта тайёргарлик кўрса, шунчалик кўпроқ инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва аҳолининг даромад манбаларини ҳимоя қилиш мумкин бўлади.

Ҳисоб-китобларга кўра, Эль-Ниньо жорий йилнинг сентябрь ойида янада кучаяди. Бунинг натижасида ўткир озиқ-овқат танқислигига учраётган одамлар сони 225 миллиондан 274 миллион нафаргача, яъни қарийб 22 фоизга ошиши кутилмоқда.

Энг оғир оқибатлар Марказий Америка ҳамда Африканинг жанубий қисми давлатларида кузатилиши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, Шарқий Африка, Жанубий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ҳам жиддий хавф остида экани қайд этилган.

Мутахассислар Эль-Ниньо таъсири барча ҳудудларда бир хил эмаслигини таъкидламоқда. Айрим мамлакатлар аллақачон ёғингарчилик танқислиги, кучли сув тошқинлари ва ғайриоддий иссиқликдан азият чекмоқда. Бошқа ҳудудларда эса экиш мавсуми ва келгуси ҳосил йиғим-терими даврида вазият янада оғирлашиши мумкин. Хусусан, ёмғирли деҳқончиликка катта даражада боғлиқ бўлган Жанубий Африка давлатлари энг хавфли минтақалардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Ташкилот эслатишича, 2015–2016 йиллардаги Эль-Ниньо ҳодисаси бутун дунё бўйлаб 60–100 миллион кишининг озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатган. Янги прогнозларга кўра, 2026–2027 йиллар цикли ҳам шунга ўхшаш кўламдаги гуманитар инқирозни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Мутахассислар маълум қилишича, Эль-Ниньо сентябрь ва декабрь ойлари оралиғида ўзининг энг юқори чўққисига чиқиши мумкин. Бироқ унинг оқибатлари қишлоқ хўжалиги ва ҳосилдорликка таъсири сабабли бутун 2027 йил давомида ҳам сезилиб туриши кутилмоқда.

Экспертлар фикрича, олдиндан амалга оширилган профилактик ва тайёргарлик чоралари катта аҳамиятга эга. Ҳисоб-китобларга кўра, бугун профилактикага сарфланган ҳар бир доллар келажакда 3–7 долларгача бўлган иқтисодий йўқотишлар ва фавқулодда харажатларнинг олдини олиш имконини беради. БМТ мамлакатларни иқлим хавфларига қарши ҳозирданоқ тайёргарлик ишларини кучайтиришга чақирмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар