Дубайдаги тиланчилик орқали топилган катта даромад тармоқларда кўпчиликнинг қизиқишини уйғотди

2016 йилда Дубайда сайёҳ сифатида БААга кириб, тиланчилик қилган айрим шахслар кунига ўртача 9 минг дирҳам, ойига қарийб 270 минг дирҳам ёки тахминан 80 минг доллар йиғгани аниқланган. Улар одамлар гавжум жойлар, жума намози кунлари масжидлар атрофи ва даромади юқори ҳудудларни танлаб, касаллик, қашшоқлик ҳамда оғир ҳаёт шароитларини важ қилган.
Дубайда тиланчилик орқали катта даромад олган шахслар ҳақидаги 2016 йилги ҳолат яна эътибор марказига тушди. Ўша йили Дубай маъмурияти ўтказган махсус операцияларда БААга сайёҳ сифатида кириб, кўчаларда пул сўраган шахслар ушланган.
Текширувчиларни энг кўп ҳайратга солган ҳолатлардан бирида бир киши ҳар куни ўртача 9 минг дирҳам йиғгани аниқланган. Бу бир ойда қарийб 270 минг дирҳам, тахминан 80 минг доллар дегани эди.
Маълумотларга кўра, бундай шахслар одамлар кўп бўладиган жойларни олдиндан танлаган. Улар жума намози кунлари масжидлар атрофида ёки даромади юқори аҳоли яшайдиган ҳудудларда кўпроқ кўриниш берган.
Пул йиғиш учун касаллик, қашшоқлик ва оғир ҳаёт шароитлари ҳақида турли важлар келтирилган. Айрим гуруҳлар эса бу ишни уюшган ҳолда амалга ошириб, ким қаерда ва қандай усулда пул сўрашини олдиндан белгилаб олган.
Шу билан бирга, расмий идоралар ушбу катта суммалар барча тиланчиларнинг ўртача даромадини англатмаслигини билдирган. 270 минг дирҳамлик кўрсаткич айрим қўлга олинган шахсларга тегишли мисол бўлган.
Ҳозир БААда тиланчилик қатъиян тақиқланган. Бундай ҳолатда ушланганлар жарима ёки қамоқ жазосига дуч келиши мумкин. Чет элликлар эса мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин.
Аҳолига хайрия қилмоқчи бўлса, пулни кўчадаги шахсларга эмас, расман фаолият юритаётган хайрия жамғармалари орқали бериш тавсия этилмоқда.































Изоҳлар 0
…