Ҳиндистонда етти ишчи 52 минг долларлик олмос топиб олди

Ҳиндистонда етти ишчи 52 минг долларлик олмос топиб олди
Қисқача

Ҳиндистоннинг Панна ҳудудида етти ишчи 17,96 карат оғирликдаги, дастлабки қиймати камида 5 миллион рупий — тахминан 52,4 минг доллар деб баҳоланган олмос топди. Панна олмос идораси ходими Рави Пател тошни «гем сифатли» олмос деб баҳолади. Олмос октябр ойидаги чораклик ауксионда сотилади, давлат эса тушумнинг 12 фоизини роялти сифатида ушлаб қолади. Қолган маблағ етти ишчи ўртасида тенг тақсимланади.

Ҳиндистоннинг марказий қисмидаги олмос қазиб олиш ҳудуди ҳисобланган Паннада етти нафар камбағал ишчи ҳаётини бутунлай ўзгартириши мумкин бўлган қимматбаҳо топилмага эга бўлди. Улар икки йил аввал ижарага олган ер майдонида оғирлиги 17,96 карат бўлган йирик олмос топишди.

Панна олмос идораси ходими Рави Пател мазкур тошни «гем сифатли», яъни табиий олмосларнинг энг сифатли ва нодир турларидан бири деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, олмоснинг дастлабки қиймати камида 5 миллион рупий — тахминан 52,4 минг доллар деб баҳоланмоқда.

Олмос ишчилар ҳаётини ўзгартириши мумкин

Олмос топилган Панна Мадҳя-Прадеш штатида жойлашган бўлиб, бу ҳудуд Ҳиндистондаги олмос захираларининг асосий қисми тўпланган жойлардан бири ҳисобланади. Бироқ минтақа мамлакатнинг энг кам ривожланган ҳудудларидан бири бўлиб, аҳоли камбағаллик, ишсизлик ва сув танқислиги каби муаммоларга дуч келмоқда.

Шу сабабли маҳаллий аҳоли учун қимматбаҳо олмос топиш катта имконият ҳисобланади. Аммо олмос топган одам ҳар доим ҳам унинг даромадидан фойдалана олмайди. Паннадаги кўплаб кончилар кунбай ишлайди ва агар улар олмос топса, тушган маблағ асосан ерни ижарага берган шахсга тегади.

Бу сафар эса вазият бошқача. Олмосни топган етти ишчининг ўзи унинг сотувидан даромад олиши мумкин.

Олмосни қандай топишди?

Маълум бўлишича, Ахилеш Пал ва яна олти нафар ишчи икки йил аввал Паннанинг Сарокха қишлоғидаги конни арзон нархда ижарага олган. Бироқ улар узоқ вақт давомида омадли топилмага дуч келмагани сабабли конни бир йилга ёпиб қўйишган.

Яқинда улар қўшни ҳудудда янги кон ишини бошлашган. Кучли ёмғирдан кейин эски конни ҳам текширишга қарор қилишган ва айнан шу пайтда қимматбаҳо тошни кўриб қолишган.

«Биз у ерда тахминан икки йил қазиб ишладик, аммо омадимиз келмади. Шунинг учун конни бир йилга ёпдик. Янги конни бошлаганимизда эскисини ҳам кўриб чиқдик ва олмосни айнан ўша ердан топдик», — деди Пал.

Олмос октябрь ойида аукционга қўйилади

Рави Пателнинг маълум қилишича, олмос октябрь ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги чораклик аукционда сотувга чиқарилади. Унда Ҳиндистондан ташқари бошқа давлатлардан келган харидорлар ҳам иштирок этиши мумкин.

Маълумотларга кўра, давлат сотув маблағидан 12 фоиз роялти ушлаб қолади. Қолган пул эса олмосни топган етти ишчи ўртасида тенг тақсимланади.

Бу эса ишчилар учун катта молиявий имконият бўлиши мумкин. Маҳаллий ОАВга уч нафар ишчи ҳозиргача камбағаллик сабабли уйланиш имконига эга бўлмаганини айтган. Энди эса ушбу кутилмаган топилма уларга ҳаётини ўзгартириш ва оила қуриш имконини бериши мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан муҳокама қилингЯнгиликни таҳлил қилинг, фойдали маслаҳатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар