Ўзбекистонда бутилкаларни пулга алмаштирувчи "Fandomat"лар пайдо бўлгани айтилмоқда

Ўзбекистонда пластик бутилка ва алюминий банкаларни қабул қилувчи Фандоматълар ўрнатилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди. Қурилмага топширилган чиқинди учун маблағ картага ўтказилади ва ҳозирча битта бутилка учун 78 сўм тўланмоқда. Тизимнинг асосий мақсади даромад олишдан кўра пластик чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлашга йўналтириш орқали экологияни асрашдан иборат.
Эндиликда Ўзбекистонда ҳам чиқиндиларни топшириб, бунинг эвазига пул олиш имконияти пайдо бўлди. Германиядаги тизимга ўхшаш тарзда шаҳарларда пластик бутилка ва алюминий банкаларни қабул қилувчи махсус Fandomat'лар ўрнатилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди.
Тизимдан фойдаланиш жуда оддий: фойдаланилган бутилка ёки банкани махсус қурилмага топширасиз ва белгиланган маблағ картангизга ўтказилади. Бу нафақат қўшимча даромад олиш, балки атроф-муҳитни тоза сақлашга ҳам хизмат қилади.
Ҳозирча битта бутилка учун 78 сўм тўланмоқда. Масалан, 150 та бутилка топширилса, тахминан 1 доллар миқдорида маблағ йиғиш мумкин.
Албатта, ҳозирча бу орқали катта даромад олиш қийин. Бироқ тизимнинг асосий мақсади ҳам пул топиш эмас, балки пластик чиқиндиларни белгиланган жойларга топшириш ва уларни қайта ишлашга йўналтириш орқали экологияни асрашдан иборат.
Айни пайтда Fandomat'лар айрим ҳудудларда пайдо бўлаётган бўлса, келгусида уларни вилоятлар, маҳаллалар ва ҳатто қишлоқларда ҳам кўриш мумкин. Бир дона пластик бутилка учун тўланадиган маблағ кам бўлса-да, бундай чиқиндиларни тўғри йиғиш экология учун муҳим.
Ҳозирча бу маълумотлар расмий манбалар томонидан тасдиқланмаган. Fandomat'лар Ўзбекистонда айнан нечта экани, қайси ҳудуд ва манзилларга ўрнатилгани ҳақида ҳам расмий маълумот берилмаган.






























Изоҳлар 0
…