Туркияда даҳшатли лаҳзалар: 107 нафар сайёҳ бўлган қайиқ ёниб кетди (видео)

Туркиянинг Муғла вилояти Фетие курорти яқинида бортида 115 киши, жумладан 107 нафар сайёҳ бўлган катамаранда ёнғин чиқди ва барча одамлар хавфсиз эвакуация қилинди. Ёнғин ошхонада бошланиб, тез тарқалгач, йўловчилар ҳамда экипаж аъзолари қутқарув нимчаларида денгизга сакрашга мажбур бўлди.
Туркиянинг машҳур Муғла вилоятидаги Фетҳие курорти яқинида даҳшатли лаҳзалар юз берди. Бортида 115 киши, жумладан 107 нафар сайёҳ ва болалар бўлган дам олиш катамаранида тўсатдан кучли ёнғин чиқди.
Сўнгги маълумотларга кўра, тезкор қутқарув амалиёти сабабли бортдаги барча одамлар эвакуация қилинган ва фожиада ҳеч ким ҳалок бўлмаган.
Ёнғин ошхонада бошланди: Одамлар сувга сакрашга мажбур бўлди
Фавқулодда ҳодиса кундузги соат 11:00 атрофида Катранжи кўрфази яқинида содир бўлган. Haber Turk нашри хабарига кўра, аланга қайиқнинг ошхона қисмида бошланган ва қисқа фурсатда кеманинг бошқа ҳудудларига ҳам шиддат билан тарқалган.
Бортда бўлган йўловчилар ва экипаж аъзолари ваҳима остида қутқарув нимчаларини кийиб, ўзларини денгиз сувига ташлашга мажбур бўлишди.
Воқеа жойига зудлик билан Туркия Қирғоқ қўриқлаш хизмати, денгиз хавфсизлиги бўлинмалари ва тез ёрдам бригадалари сафарбар этилди. Шунингдек, атрофдаги бошқа сайёҳлик кемалари ҳам одамларни сувдан чиқариб олишда фаол ёрдам берди. Сиддатли аланга оқибатида қайиқ оғир зарар кўрган ва чўка бошлаган.
Фетҳие мэри ва расмийларнинг муносабати
Фетҳие шаҳар мэри Фатиҳ Аккая маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган баёнотида ҳодиса натижасида ҳеч ким ҳалок бўлмаганини ва оғир жароҳат олмагини тасдиқлади:
«Катамаран бортида жами 115 киши бўлган — улардан 107 нафари йўловчи-сайёҳлар, қолганлари экипаж аъзолари эди. Барча одамлар хавфсиз эвакуация қилинди. Ҳозирда тиббиёт ходимлари тутундан заҳарланиш аломатлари бор-йўқлигини текширишмоқда», — деди шаҳар ҳокими.
Денгиз савдо палатасининг Фетҳие бўлими раиси Илькай Тугай ҳам бортдаги барча фуқаролар сувдан ва кемадан хавфсиз ҳудудга олиб чиқилганини маълум қилди.
«Toys Boat» катамарани ва сайёҳларнинг фуқаролиги
Ёнғин содир бўлган «Toys Boat» номли ушбу қайиқ асосан болали оилалар учун мўлжалланган ва оммалаштирилган дам олиш кемаси бўлган. Маҳаллий Haberci TV нашрининг хабар беришича, ушбу катамаран шу йилнинг июль ойидан эътиборан Фетҳиеда илк сайёҳлик сафарларини бошлаган эди.
Ҳозирча Туркия ОАВ томонидан бортда бўлган сайёҳларнинг қайси мамлакат фуқаролари эканлиги расман очиқланмади. Дипломатик ваколатхоналар ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан воқеа юзасидан суриштирув ҳамда ёнғин келиб чиқиши сабаблари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.































Изоҳлар 0
…