Глобал фалокатдан омон қолиш учун энг хавфсиз давлат қайси?

Глобал фалокатдан омон қолиш учун энг хавфсиз давлат қайси?

Глобал фалокат юз берган тақдирда инсоният омон қолиши учун энг қулай мамлакат Австралия деб топилди. Халқаро олимлар гуруҳи ўтказган тадқиқотда вулқон отилиши, ядровий уруш, астероид тўқнашуви, глобал пандемия ёки инфратузилманинг издан чиқиши каби кенг кўламли инқирозлар юз берганда қайси давлатларда яшаб қолиш имконияти юқорироқ эканини ўрганган. Тадқиқот натижалари “Global Challenges” сайтида эълон қилинди.

Олимлар глобал хавфларни уч асосий тоифага ажратган. Биринчи хавф — қуёш нурининг кескин камайиши. Бундай ҳолат вулқон отилиши, ядровий уруш ёки астероид қулаши натижасида юзага келиши мумкин. Бу эса иқлимнинг совиши, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигининг пасайиши ва озиқ-овқат таъминотида жиддий муаммолар пайдо бўлишига олиб келиши эҳтимолини оширади.

Яна бир жиддий хавф сифатида электр таъминотининг узоқ муддатга узилиши баҳоланган. Бунга ядровий портлаш, кучли геомагнит бўрон ёки глобал киберҳужум сабаб бўлиши мумкин. Электр энергиясига боғлиқ ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигининг фаолияти издан чиқса, бу озиқ-овқат танқислигини янада кучайтириши мумкин.

Тадқиқотда глобал биологик хавфлар, жумладан, ўта хавфли юқумли касалликларнинг кенг тарқалиши ҳам алоҳида ўрганилган. Катта пандемиялар соғлиқни сақлаш тизимига кучли босим ўтказиши, ишчи кучининг камайиши эса озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва таъминотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, олимлар мамлакатларнинг оғир инқирозлардан кейин қайта тикланиш салоҳиятини ҳам баҳолаган. Бунда давлат институтларининг барқарорлиги, иқтисодий фаровонлик, ижтимоий тенглик, саноат ва қишлоқ хўжалигининг ривожланганлик даражаси, географик изоляция, иқтисодиётнинг хилма-хиллиги ҳамда ташқи савдога қарамлик каби омиллар ҳисобга олинган.

Тадқиқот натижасига кўра, Австралия глобал фалокатларга энг чидамли мамлакат сифатида қайд этилган. Бунга унинг географик жиҳатдан нисбатан узоқда жойлашгани, ривожланган қишлоқ хўжалиги ва кучли саноат салоҳиятига эгалиги асосий омил сифатида кўрсатилган.

Бироқ бу Австралия мутлақо хавфсиз ҳудуд дегани эмас. Мамлакат ёқилғи, дори-дармон ва ўғитларнинг айрим турларини хориждан импорт қилишга қарам. Шу сабабли глобал таъминот занжирларида узилиш юз берса, Австралия ҳам муайян қийинчиликларга дуч келиши мумкин.

Олимлар Янги Зеландия, Япония, Швейцария ва Аргентинани ҳам юқори даражадаги барқарорликка эга давлатлар қаторига киритган. Бироқ уларнинг айримлари юқори сейсмик фаоллик ҳудудларида жойлашгани ва узун соҳил чизиғига эгалиги сабабли цунами каби табиий хавфларга дуч келиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, бундай мамлакатлар келажакда глобал фалокатлар рўй берган тақдирда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Улар озиқ-овқат ва уруғлик захираларини сақлаш, халқаро ёрдам кўрсатиш ҳамда фавқулодда вазиятларга жавоб қайтариш марказларига айланиши эҳтимолдан холи эмас.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар