Дўкон ходими қизчани машина уриб кетишидан қутқарди (видео)

Мексиканинг Пуэбла шаҳрида дўкон ходими йўлга югуриб чиққан 3 ёшли қизчани машина уриб кетишидан қутқариб қолди. Воқеа дўконнинг кузатув камерасига тушган ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган.
Ҳодиса 6 сентябрь куни шаҳарнинг 11-Sur хиёбонидаги “El Rey del Ahorro” дўкони яқинида содир бўлган. Кадрларда қизчанинг кутилмаганда йўл томон югуриб чиққани, унинг ортидан аёл киши етиб олишга урингани, аммо йиқилиб қолгани кўринади.
Шу пайтда дўкон ходими хавфни пайқаб, дарҳол ишини ташлаб қизчанинг ортидан югурган. У бир неча сония ичида қизчага етиб, уни автомобиллар ҳаракатланаётган йўлдан олиб чиққан. Айрим хабарларга кўра, ходим қизчани ҳимоя қилиш чоғида ўзи ҳам йиқилган, бироқ жиддий жароҳатлар қайд этилмаган.
Қизча оиласига соғ-омон топширилган. Воқеа тасвирланган видео тарқалгач, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ходимнинг тезкор ҳаракатини юқори баҳолаб, уни “қаҳрамон” деб аташди.
Дўкон ходими эса воқеа вақтида кўп ўйлаб ўтирмаганини, бола хавф остида эканини кўриб, инстинктив равишда уни қутқаришга югурганини айтган. У ота-оналарни фарзандларини гавжум йўллар яқинида назоратсиз қолдирмасликка чақирган.






























Изоҳлар 0
…