Туркияда 5 млн лиралик тилла билан йўқолган ўзбекистонлик келин топилди

Туркияда 5 млн лиралик тилла билан йўқолган ўзбекистонлик келин топилди

Аввалроқ Туркиянинг Муғла вилояти Милас туманида Ўзбекистон фуқароси, 28 ёшли М.Б. уч кеча-ю, уч кун давом этган тўйдан кейин уйда қолган тилла ва зийнат буюмлари билан бирга ғойиб бўлгани ҳақида хабар тарқалган эди. Ушбу ҳолат жамоатчилик эътиборини ўзига тортгани ортидан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси расмий муносабат билдирди.

Бош консулхона маълумотига кўра, М.Б. ҳеч қаерга қочиб кетмаган. У ҳозирда Милас ҳудудида бўлиб, ўз ихтиёри билан маҳаллий полиция бўлимига борган ва юз берган воқеа юзасидан тегишли кўрсатма берган.

Маълум қилинишича, М.Б. ўзига нисбатан билдирилаётган даъволарни рад этган. У тўй жараёнида тақилган тилла буюмларни онаси билан биргаликда қайнотасига топширганини билдирган.

М.Б.нинг айтишича, қайнотаси кейинчалик мазкур тилла буюмларни кредит ва бошқа қарзларини тўлаш мақсадида сотганини ўзаро ёзишмаларда қайд этган. Яъни, келиннинг таъкидлашича, тилла буюмлар унинг уйидан яширинча олиб кетилмаган, балки қайнотасига топширилган.

Шунингдек, М.Б. тегишли ёзишмалар ҳамда тилла буюмларни топшириш жараёни акс этган видеоматериалларни Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этганини маълум қилган.

Айни пайтда воқеа бўйича томонларнинг бир-бирига билдирган даъволари юзасидан Туркиянинг ваколатли органлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Шу сабабли ҳозирча иш бўйича якуний хулоса чиқарилмаган.

Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳам ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, жамоатчиликни тергов жараёни якунланишини кутишга чақирди.

“Шу муносабат билан, тергов якунига қадар ҳолат юзасидан бир томонлама хулоса чиқариш ҳамда тасдиқланмаган маълумотларни тарқатишдан тийилиш сўралади. Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси вазиятни кузатиб бормоқда ҳамда зарурат туғилганда фуқарога белгиланган тартибда консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатади”, дейилади хабарда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар