Масофадан бошқариладиган автомобиль полиция машинасига урилди (видео)

Покистон пойтахти Исломободда масофадан бошқариладиган тажрибавий автомобиль намойиши кутилмаган ҳодиса билан якунланди. Ҳайдовчисиз ҳаракатланаётган автомобиль йўл четида турган полиция машинасига бориб урилди. Бу ҳақда Dawn хабар берди.
Ҳодиса шаҳарнинг D-Chowk ҳудудида содир бўлган. Автомобиль Абботободлик технология ихлосманди Эҳсон Зафар томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, уни интернет орқали масофадан бошқариш мумкин бўлган.
Намойиш вақтида журналист Муҳаммад Алижа автомобиль салонида олдинги йўловчи ўриндиғида ўтириб, унинг имкониятларини кўрсатаётган бўлган. Шу пайт машина рул бошқарувини йўқотиб, йўл четида турган полиция автомобили томон ҳаракатланган. Журналист қўл тормозидан фойдаланиб, машинани тўхтатишга уринган, аммо тўқнашувнинг олдини олиб бўлмаган.
Дастлаб журналист ҳодисага интернет алоқасидаги узилиш сабаб бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, автомобиль интернет ва сунъий йўлдош алоқаси орқали бошқарилган ва алоқа узилганидан сўнг машина назоратдан чиққан.
Бироқ кейинчалик автомобиль муаллифи Эҳсон Зафар ҳодиса сабаби бошқарув вақтида нотўғри тугма босилгани бўлиши мумкинлигини айтган. Унинг таъкидлашича, автомобиль ўнгга бурилиши керак бўлган, аммо бошқарувда чап томон тугмаси босилиб кетган.
Ҳодиса оқибатида полиция автомобили ва тажрибавий машинага шикаст етгани хабар қилинган. Воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Мутахассислар бундай тажрибавий технологияларни оммавий фойдаланишга жорий этишдан олдин хавфсизлик тизимларини янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидламоқда.






























Изоҳлар 0
…