Австрияда 14 ёшгача қизларга ҳижоб тақиш тақиқланди

Австрияда 2026/2027 ўқув йили бошланиши билан 14 ёшга тўлмаган қизларнинг мактабда исломий анъаналарга кўра бошини рўмол билан ёпиши тақиқланди. Янги қоида давлат ва хусусий мактабларга татбиқ этилади.
Ҳукумат бу чорани қизларнинг ўзини ўзи эркин ифода этиши, тенглиги ва болалик давридаги ривожини ҳимоя қилиш билан изоҳламоқда. Австрия Интеграция вазири Клаудия Бауэр ҳам қизларнинг эркин ва мустақил улғайиши муҳимлигини таъкидлаган.
Қонунга кўра, қоидани биринчи марта бузган ўқувчи ва унинг ота-онаси билан мактаб раҳбарияти суҳбат ўтказади. Қоида такрор бузилса, таълим органлари, кейинчалик эса болалар ва ёшларни ҳимоя қилиш хизмати жалб этилади. Энг сўнгги чора сифатида ота-она ёки васийга 150 евродан 800 еврогача жарима солиниши мумкин.
Тақиқ мактаб биносидан ташқаридаги дарслар ҳамда мактабнинг бино ташқарисида ўтказиладиган айрим тадбирларига татбиқ этилмайди.
Қонунга қарши чиққанлар эса бу чора мусулмон қизларни камситиши ва конституциявий ҳуқуқларга зид бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Австрия парламенти маълумотига кўра, “Яшиллар” партияси ҳам қонунни конституцияга мос эмас, деб ҳисоблаган. Ўта ўнгчи Озодлик партияси эса тақиқни янада кенгайтириш, жумладан ўқитувчилар учун ҳам рўмолга чеклов жорий этишни талаб қилган.
Австрияда 14 ёшгача қизлар учун мактабда ҳижоб тақишни тақиқловчи мазкур қонун 2025 йил декабрда парламентнинг икки палатасидан ҳам ўтиб, 2026 йил 1 сентябрдан кучга кирган.






























Изоҳлар 0
…