Таиланд ўрмонларида ер остида ўсувчи «Иблис гули» аниқланди

Олимлар Таиланд ҳудудида барглари бўлмаган, ташқи кўриниши ва ўзига хос тузилиши билан бошқа ўсимликлардан ажралиб турадиган янги ўсимлик турини кашф этди. Унинг ғайриоддий қиёфаси тадқиқотчилар эътиборини дарҳол жалб қилган. Шу сабабли янги турга Thismia daemona номи берилган бўлиб, уни шартли равишда «Иблис гули» деб таржима қилиш мумкин. Бу ҳақда “Layfxaker” нашри маълум қилди.
Мазкур ўсимлик Тисмия туркумига мансуб ҳисобланади. Ҳозирги вақтда ушбу туркумнинг асосан тропик ўрмонларда учрайдиган 50 хилдан кам тури илм-фанга маълум. Бу ўсимликларнинг энг муҳим хусусиятларидан бири — уларда фотосинтез жараёни кузатилмайди. Шунингдек, уларнинг барглари ҳам бўлмайди ва ҳаётининг катта қисмини ер остида ёки тўкилган хазонлар қатлами остида ўтказади.
Қизиғи шундаки, мазкур ўсимликлар яшаши учун зарур бўлган озуқа моддаларини одатий фотосинтез орқали эмас, балки ер остидаги замбуруғлар орқали қабул қилади. Яъни улар ўз озуқасини тайёрлаш ўрнига, тупроқ остидаги замбуруғлар билан ўзига хос алоқа ўрнатиб, улардан керакли моддаларни олади.
Янги аниқланган Thismia daemona ҳам ушбу ғайриоддий гуруҳ хусусиятларига тўлиқ мос келади. Унинг ташқи кўриниши шохсимон ўсимталари бўлган тўқ қора тусдаги гулдан иборат. Гул юзасида эса қизғиш-оловранг доғлар мавжуд бўлиб, айнан шу ўзига хос кўриниш унинг номланишида ҳам муҳим роль ўйнаган.

Янги тур денгиз сатҳидан тахминан 1 000 метр баландликда аниқланган. Одатда бундай ўсимлик турлари доимий намлик сақланадиган пасттекисликларда ўсиши маълум. Шу боис уларнинг баландроқ ҳудудда учраши олимлар учун ўзига хос ва кутилмаган ҳолат бўлган.
Мазкур топилма тадқиқотчиларнинг Тисмия туркумига кирувчи ўсимликлар ҳақидаги тасаввурларини янада кенгайтирди. Чунки Thismia daemona ушбу гуруҳ учун кутилмаган шимолий ҳудудда биринчи марта қайд этилди. Бу эса туркум ва унинг тарқалиш ҳудудларини янада чуқурроқ ўрганиш заруратини кўрсатмоқда.
Бироқ олимларни янги кашф этилган турнинг келажаги ҳам жиддий ташвишга солмоқда. Ҳозирга қадар улар Thismia daemonaнинг фақат битта гуруҳини аниқлаган. Ушбу кичик ҳудудда эса 50 тадан кам ўсимлик мавжуд бўлиб, унинг майдони футбол майдонидан ҳам кичикроқ экани маълум қилинган.
Шу сабабли янги ўсимлик тури йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимликлар рўйхатига киритилиши мумкин. Айниқса, ўсимлик аниқланган жой миллий боғ ҳудудида жойлашгани ва бу ерда сайёҳлар оқими юқори экани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
Олимлар учун ҳозирги асосий вазифалардан бири — ушбу ноёб ўсимликнинг табиий муҳитини сақлаш ва унинг йўқолиб кетишининг олдини олишдир. Thismia daemonaнинг атиги бир гуруҳи маълум экани унинг қанчалик нодир эканини кўрсатади.






























Изоҳлар 0
…