Турин аэропортида йўловчининг юкидан тимсоҳ боши топилди

Турин шаҳридаги Каселле аэропортида йўловчининг юкидан қуритилган тимсоҳ боши топилди. Мазкур ҳайвон тури CITES — ёввойи ҳайвон ва ўсимлик турларини халқаро савдодан ҳимоя қилишга қаратилган Вашингтон конвенцияси билан муҳофаза қилинади.
Италия Молиявий полицияси маълум қилишича, воқеа 8 сентябрь куни аниқланган. Йўловчи АҚШнинг Майами шаҳридаги парвоз билан Истанбул орқали Туринга келган италиялик фуқаро бўлган.
Божхона ходимлари ва Молиявий полиция томонидан олиб борилган текширув чоғида унинг юкидан қуритилган тимсоҳ боши аниқланган. Рептилия боши оддий ўраш қоғозига ўралган ҳолда сумка ичига жойлаштирилган.
Расмий маълумотларга кўра, топилган намуна “Crocodylia spp.” туркумига мансуб бўлиб, CITES доирасида ҳимоя қилинади. Ушбу конвенция 1973 йилда қабул қилинган бўлиб, йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи ҳайвон ва ўсимликларнинг халқаро савдоси уларнинг яшаб қолишига таҳдид солмаслигини таъминлашга қаратилган.
Тимсоҳ боши мусодара қилинган. Йўловчи эса ҳимоя қилинадиган турга мансуб намуна учун зарур ҳужжатларсиз уни Италияга олиб киришга уринганликда гумон қилиниб, эркинликда қолдирилган ҳолда терговга жалб қилинган.
Италия қонунчилигига кўра, бундай ҳуқуқбузарлик учун 20 мингдан 200 минг еврогача жарима ёки олти ойдан бир йилгача қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.































Изоҳлар 0
…