Қизларининг таълими учун она ялангоёқ 3 км югурди

Ҳиндистонда 47 ёшли Рамабаи Ранвир қизларининг таълими учун мукофот пулини қўлга киритиш мақсадида 3 километрлик югуриш мусобақасида ялангоёқ қатнашиб, ғолиб бўлди.
Аёл мусобақага махсус тайёргарлик кўрмаган. Югуриш пайтида оёқ кийимлари тушиб кетавергач, уларни ечиб, мусобақани ялангоёқ давом эттирган. Натижада 30–60 ёшли аёллар тоифасида биринчи бўлиб маррага етиб келган.
Рамабаи ғолиблик учун 3 минг рупий (тахминан 31 доллар) мукофот олди. Ушбу пулга қизлари учун китоб ва ўқув қуроллари харид қилиниши режалаштирилган.

Рамабаи 2012 йилда турмуш ўртоғи вафот этганидан кейин оиланинг ягона боқувчиси бўлиб қолган. У турли оғир ишлар қилиб, икки қизини катта қилган. Аёлнинг ўзи эса 13 ёшида мактабни тарк этган.
У қизлари ўзи эриша олмаган имкониятларга эга бўлишини истайди. Ҳозир қизларидан бири полицияга, иккинчиси давлат хизматига кириш учун имтиҳонларга тайёрланмоқда.

Рамабаининг ҳикояси кенг тарқалганидан сўнг Ҳиндистон бош судьяси Суря Кант маҳаллий амалдорларга унга 50 минг рупий (тахминан 521 доллар) миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишни буюрди.
“Токи тирик эканман, қизларимга яхши таълим бериш учун қўлимдан келган барча ишни қилишим керак”, деди Рамабаи






























Изоҳлар 0
…