“Толибон” шоира Мужда Ўзбекни нега ҳибсга олди?

“Толибон” шоира Мужда Ўзбекни нега ҳибсга олди?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Афғонистоннинг Таҳор вилоятида шоира Мужда Ўзбек “Толибон” сиёсати ва мамлакатдаги вазиятни танқид қилувчи шеърлари сабаб ҳибсга олинди.
  • У тўрт кун аввал Талоқан шаҳрида ушланган ва ҳозирда “Толибон” назорати остида сақланмоқда.
  • Шоиранинг оила аъзолари ва вилоят расмийлари бу ҳолат юзасидан изоҳ бермаган, шу сабабли унинг ҳозирги аҳволи ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Афғонистоннинг Таҳор вилоятида “Толибон” хавфсизлик кучлари Мужда Ўзбек исмли шоирани қўлга олди. Вилоятдаги манбаларнинг билдиришича, унинг ҳибсга олинишига аёлнинг “Толибон” сиёсати ва мамлакатдаги вазиятни танқид қилувчи шеърлари сабаб бўлган.

Манбаларнинг Kabul Now нашрига 4 октябрь куни маълум қилишича, шоира тўрт кун аввал Талоқан шаҳрида ушланган. Ҳозирда у “Толибон” назорати остида сақланаётгани айтилмоқда.

Шоиранинг оила аъзолари мазкур воқеа юзасидан ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермаган. Вилоят расмийлари ҳам ҳибс ҳолати бўйича сукут сақламоқда. Шу боис Мужда Ўзбекнинг ҳозирги аҳволи ва қаерда сақланаётгани ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас.

Мазкур ҳодиса ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлди. Интернет фойдаланувчилари шоирани зудлик билан озод қилишни талаб қилмоқда.

Афғонистонда сўз эркинлигига босим кучаймоқда

Афғонистонда сўз эркинлигига нисбатан чекловлар давом этмоқда. “Толибон” 2021 йил август ойида ҳокимиятни қайта эгаллаганидан буён журналистлар, ёзувчилар ва фаоллар тез-тез ҳибсга олинмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мамлакатда танқидчиларни ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва уларга нисбатан босим ўтказиш ҳолатларини мунтазам қайд этиб келмоқда.

ОАВ ва маданият соҳаси ҳам қаттиқ назоратда

“Толибон” шу кунга қадар оммавий ахборот воситалари фаолиятини назорат қилиш мақсадида йигирмадан ортиқ кўрсатма ва чеклов жорий қилган. Бунинг оқибатида кўплаб нашрлар ўз фаолиятини тўхтатган. Юзлаб журналистлар эса хавфсизлиги туфайли мамлакатни тарк этишга ёки яширин ҳаёт кечиришга мажбур бўлган.

Шу билан бирга, санъат ва маданият соҳаси вакилларига нисбатан ҳам жиддий чекловлар ўрнатилган. Шоирлар, мусиқачилар ва бошқа ижодкорлар турли назоратларга дуч келмоқда. Қўрқув ва босим муҳитида кўплаб санъаткорлар ижодини цензура остида давом эттиришга мажбур бўлмоқда.

“Толибон” мамлакатда мусиқа тинглаш ва уни ижро этишга ҳам қарши позицияда. Расмийлар томонидан чолғу асбоблари мусодара қилиниб, кейинчалик йўқ қилиб юборилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Телевидение ва радиоларда мусиқа эшиттириш ҳам тақиқланган. Жорий йил февраль ойида “Толибон” 600 дан ортиқ мусиқа асбобини ёқиб юборгани ҳақида хабар берилганди.

Ҳукумат аҳолидан мусодара қилинган мусиқа асбобларини йўқ қилиш сабабини улар “одамларни йўлдан оздираётгани” билан изоҳлаган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар