Она қорнидаги чақалоққа мураккаб операция қилинди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Хитойлик шифокорлар она қорнидаги 22 ҳафталик чақалоқнинг ўпкасидаги 5 сантиметрлик ўсмани махсус игна ва микротўлқинли технология ёрдамида муваффақиятли йўқ қилди.
- Ушбу мураккаб операция ҳомиланинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берди ва чақалоқ тўрт ойлик бўлганида соғлом ҳолатда бўлиб чиқди.
- Бу амалиёт она ва ҳомила тиббиёти соҳасида муҳим янгилик ҳисобланади.
Хитойда шифокорлар ҳали она қорнида бўлган чақалоқнинг ўпкасидаги 5 сантиметрлик ўсмани махсус игна ёрдамида муваффақиятли йўқ қилди. Бу амалиёт ҳомиланинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берган. Бу ҳақда «South China Morning Post» хабар берди.
Қайд этилишича, Шэньчжэнь ва Гонконг шифокорларидан ташкил топган тиббий жамоа 40 ёшли аёлнинг 22 ҳафталик ҳомиласида ўпка тўқимасининг ғайритабиий ривожланиши — CPAM аниқланганидан сўнг операция ўтказишга қарор қилган.
Текширувлар вақтида ўсма ҳомиланинг ўнг кўкрак қафасини деярли тўлиқ эгаллаб олгани маълум бўлган. У юрак ва ўпкага кучли босим ўтказган. Бундан ташқари, ҳомиланинг қорин бўшлиғида ҳам суюқлик тўпланган.
Одатда бундай ҳолатларда шифокорлар қорин бўшлиғида йиғилган суюқликни чиқариш ёки ўсмани озиқлантириб турган асосий қон томирини беркитиш усулидан фойдаланади. Аммо бу ҳолатда ўсма кўплаб майда кисталардан ташкил топган ва унинг марказий қон томири мавжуд бўлмаган. Шу сабабли одатий даволаш усуллари кутилган натижани бермаган.
Шундан сўнг тиббий жамоа бошқа, мураккаброқ усулни қўллашга қарор қилган. Юқори аниқликдаги реал вақт режимида ишловчи УЗИ назорати остида махсус абляция игнаси она қорни, бачадон девори ва ҳомиланинг кўкрак қафаси орқали ўсманинг марказигача етказилган.
Шундан кейин махсус игна орқали микротўлқинли технология ишга туширилиб, ўсма тўқимаси кучли ҳарорат таъсирида ичкаридан йўқ қилинган. Фаол иситиш жараёни бор-йўғи икки дақиқа давом этган. Бу вақт давомида шифокорлар ҳомиланинг соғлом аъзоларига зарар етмаслигини синчиклаб назорат қилиб турган.
Операциядан атиги уч кун ўтиб, текширувларда ўсманинг ҳажми сезиларли даражада кичрайгани аниқланган. Шу билан бирга, ҳомиланинг қорин бўшлиғида тўпланган суюқлик ҳам йўқолган.
Кейинчалик ҳомиладорлик муваффақиятли давом этган. Ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасида чақалоқ кесарево кесиш орқали дунёга келган. Унинг туғилган пайтдаги вазни 2,9 килограммни ташкил этган. Чақалоқ Апгар шкаласи бўйича энг юқори — 10 балл билан баҳоланган.
Маълум бўлишича, чақалоқ тўрт ойлик бўлганида ҳам ўзини яхши ҳис қилган ва унда ҳеч қандай касаллик аломатлари кузатилмаган. Шунингдек, унга қўшимча жарроҳлик амалиёти ўтказишга эҳтиёж ҳам қолмаган.
Шифокорларнинг таъкидлашича, мазкур муваффақиятли амалиёт она ва ҳомила тиббиёти соҳасида муҳим янгилик бўлиб, бу йўналишда янги босқични бошлаб бериши мумкин.






























Изоҳлар 0
…