Дунёдаги энг қудратли армиялар рейтинги эълон қилинди. Ўзбекистон нечанчи ўринда?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Глобал Фиреповер халқаро лойиҳаси 2026 йил учун 145 та мамлакатни қамраб олган энг кучли армиялар рейтингини эълон қилди.
- Ўзбекистон мазкур рўйхатда 53-ўринни эгаллаб, Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори натижани қайд этди.
- Дунё бўйича кучли учликдан АҚШ, Россия ва Хитой жой олди.
- Рейтингни шакллантиришда 60 дан ортиқ омил, жумладан, ҳарбий техника сони, молиявий имкониятлар ва логистика каби кўрсаткичлар инобатга олинди.
Global Firepower халқаро лойиҳаси 2026 йил учун дунёнинг энг кучли армиялари рейтингини эълон қилди. Унда 145 та мамлакатнинг ҳарбий салоҳияти баҳоланган. Ўзбекистон рўйхатда 53-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёдаги давлатлар орасида энг юқори натижани қайд этди.
Рейтингда биринчи ўринни АҚШ эгаллаган. Россия иккинчи, Хитой учинчи поғонадан жой олган. Ҳиндистон тўртинчи, Жанубий Корея эса бешинчи ўринда қайд этилган.
Кучли ўнликка, шунингдек, Франция, Япония, Буюк Британия, Туркия ва Италия кирган.
Global Firepower маълумотларига кўра, давлатларнинг PowerIndex кўрсаткичлари қуйидагича:
АҚШ — 0,0741;
Россия — 0,0791;
Хитой — 0,0919;
Ҳиндистон — 0,1346;
Жанубий Корея — 0,1642;
Франция — 0,1798;
Япония — 0,1876;
Буюк Британия — 0,1881;
Туркия — 0,1975;
Италия — 0,2211.
Марказий Осиёда Ўзбекистон етакчи
Минтақа давлатлари орасида Ўзбекистон 53-ўринни эгаллаган. Қозоғистон 58-ўринда, Туркманистон 78-ўринда, Тожикистон 100-ўринда, Қирғизистон эса 109-ўринда қайд этилган.
Рейтингнинг энг қуйи поғоналарида Марказий Африка Республикаси 143-ўринни, Белиз 144-ўринни ва Бутан 145-ўринни эгаллаган.
Рейтинг қандай тузилади?
Global Firepower маълумотларига кўра, рейтингни ҳисоблашда 60 дан ортиқ омил инобатга олинади. Улар қаторига ҳарбий хизматчилар сони, қурол-яроғ ва техника миқдори, молиявий имкониятлар, логистика, табиий ресурслар ҳамда мамлакатнинг географик хусусиятлари киради.
2026 йилги ҳисоб-китобларда аҳолининг интернет билан қамраб олиниш даражаси ҳам янги омил сифатида қўшилган.
PowerIndex кўрсаткичи қанчалик кичик бўлса, мамлакатнинг анъанавий ҳарбий салоҳияти шунчалик юқори деб баҳоланади. Назарий жиҳатдан энг яхши натижа 0,0000 ҳисобланади, аммо лойиҳа изоҳига кўра, амалда бундай кўрсаткичга эришиш мумкин эмас.
Рейтингда ҳарбий техника сони билан бирга давлатнинг молиявий ва логистик имкониятлари ҳам ҳисобга олинади. Масалан, Global Firepower маълумотларида АҚШнинг турли вазифаларга мўлжалланган самолёт ва вертолётлари жами 13 032 та, авианосецлари эса 11 та деб кўрсатилган.
Шу билан бирга, мазкур рейтинг мамлакатларнинг ҳарбий салоҳиятини таққослашга қаратилган бўлиб, у ҳар бир қурол ёки техника бирлиги жангга тайёрлигини ҳамда эҳтимолий уруш натижасини тўлиқ акс эттирмайди.






























Изоҳлар 0
…