Саида Мирзиёева Ашхободда Туркманистон ва Озарбайжон вакиллари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Туркманистоннинг Ғамхўрликка муҳтож болаларга ёрдам кўрсатиш хайрия жамғармаси вице-президенти Огулжаҳон Атабаева ҳамда Озарбайжоннинг Ҳайдар Алиев жамғармаси вице-президенти Лайло Алиева билан учрашди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, уч томонлама мулоқотлар яхши анъанага айланиб бормоқда. Унинг ҳар бирида умумий ғоялар бойиб, ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятлар пайдо бўлмоқда.
«Мулоқотларимиз яхши анъанага айланиб қолди. Ҳар сафар фикр алмашганимизда умумий ғояларимиз бойиб, ҳамкорликда янгидан-янги лойиҳалар юзага келмоқда», — деб ёзди у.
Президент Администрацияси раҳбари Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжонни кўп асрлик дўстлик, ўзаро ишонч ва муштарак қадриятлар боғлаб туришини қайд этди.

«Учрашувларимиз бундан кейин ҳам фақат яхшиликка хизмат қилишини, одамларга нафи тегадиган эзгу амалларга айланиб, мамлакатларимизни бир-бирига янада яқинлаштиришини истардим», — деди Саида Мирзиёева.
Маълумот учун, учрашув 20 октябрь куни Ашхободда бўлиб ўтди. Шунингдек, Саида Мирзиёева, Огулжаҳон Атабаева ва Лайло Алиева халқаро «MAMA — Она табиат» санъат кўргазмаси билан боғлиқ тадбирларда иштирок этди.































Изоҳлар 0
…