8 026
«Оч қолса, танасини сотавериши керак эмас..» Бу мавзуда ёзиш оғир, ўқиш ҳам. Лекин жим туриб ҳам бўлмайди
Қулоғингизга ёқмайдиган, қалбингизни тирнайдиган гаплар бўлса, аввалдан узр сўраймиз.
Икки йил аввал Туркияга саёҳатга бориб, дўкон айланаётган дугоналаримдан турк эркаклари “асли қаерликсиз” деб сўрашган. Кейин ортларидан қолмай эргашиб кетаверишган, тегажоқлик қилишган, фалон пул бераман, юр мен билан дейишгача боришган.
Бир неча ой аввал Россиянинг “newsturk” сайти Анталия полицияси матбуот хизмати маълумотлари асосида хабар тарқатди. Унда айтилишича, курорт шаҳар Анталияда фоҳишаларга қарши рейд ўтказилган ва унда 100 киши қўлга олинган. Улар орасида 22 нафар Қирғизистон, 20 нафар Туркия, 14 нафар Ўзбекистон, 9 нафар Грузия, 5 нафар Россия, 4 та Украина, 2 та Эрон, биттадан Қозоғистон, Нигерия, БААдан келган аёллар ўз танасини сотаётгани аниқланган. Яъни қизларимиз шармандали учликдан ўрин олишган.
2016 йилда Туркия полицияси Ўзбекистон ва Қирғизистондан борган 30 нафар аёлни фоҳишалик билан шуғулланаётганида қўлга олган.
Интернетда бундай хабарлар тобора кўпайиб боряпти. Биз уларнинг барини ёлғон дея олмаймиз, чунки хорижга борган юртдошларимиз бунга шахсан гувоҳ бўлиб, айтиб беряпти.
Фоҳишабозликка қарши мамлакатимизда ҳам қатор чора-тадбирлар ўтказилаётгани, шу бизнесга ишлаётган кўплаб аёллар қўлга олингани ҳақидаги хабарларни ўқияпмиз. Ҳатто Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари ҳам тунги клубларга бориб, «капалак»ларни фош қилгани ва ҳуқуқ-тартибот органларига топширгани маълум. Хуллас, вазият ўз ҳолига ташлаб қўйилгани йўқ. Лекин нима учун бу «соҳа» гуллаб-яшнашда давом этяпти?
Аслида фоҳишалик жуда қадим касб, уни бутунлай йўқотиб бўлмайди ҳам. Лекин ҳар бир давлат, ҳар қандай тузум унга қарши курашади, жараённи назоратда ушлаб туришга ҳаракат қилади. Баъзилар нуқул фоҳишаларга қарши рейд ўтказаверишни ёқламайди, буни ҳатто инсон ҳуқуқларига зид дегувчилар ҳам бор. Бироқ Ғарбнинг энг демократик давлатларида ҳам фоҳишалар тартиббузар сифатида қўлга олинади, турли профилактика тадбирлари ўтказилади. АҚШнинг айрим штатларида нафақат фоҳишалар, балки уларнинг мижозлари-да жавобгарликка тортилиши, жиноят қуроли сифатида автоуловлари ва турар жойлари мусодара қилиниши ҳақидаги қонунлар бор. Демоқчи бўлганим, оқибат билан ҳам курашиш, бу соҳадаги ишларни ҳеч қачон тўхтатмаслик керак. Ахир, шу рейдлар натижасида қанчадан-қанча ноқонуний фаолият олиб бораётган шахслар, қулликда ушлаб турилган инсонлар аниқланади, катта жиноятлар фош қилинади, таносил касалликлари тарқалишининг олди олинади, нечта одамнинг соғлиғи, насли сақлаб қолинади.
Аммо… Бу шундай дардки, ҳар томонлама курашмасангиз, комплекс чора кўрмасангиз жиловлай олмайсиз: наслни бузади, оилаларни барбод қилади, ахлоқ ва тарбияга путур етказади, ҳозирги глобаллашув замонида эса халқаро миқёсда обрўингизни тўкади. бизда чоралар бор, аммо комплекс чоралар тизими етарлича ишлаб чиқилмаган ва жорий этилмаган. Комплекс чора деганда муаммога олиб келувчи сабаблар занжирининг ҳар бир ҳалқасига зарба берилиши ва узилиши, парчалаб ташланиши тушунилади.
Бу ерда нафақат ахлоқий, балки ижтимоий-иқтисодий сабаблар, анча ривожланган ва чуқур илдиз отган “секс-индустрия” тизими, бу индустрия ортидан кун кўраётган ва миллиардларни ишлаётган катта «наҳанг»лар, шунга йўл қўйиб берган шароит, қонунчиликдаги заиф томонлар, аёллар ижтимоий ҳимояси, оилалардаги ажрашишлар ва ҳоказо ўнлаб жиҳатлар борки, ҳар бири билан энг сўнгги ғалаба нуқтасигача курашилмас экан, одоб-ахлоқ дарслари, “тунги капалаклар ови” амалиётлари, диний ваъзлар ва жамоатчилик фикри билангина натижага эришишимиз қийин.
Биргина мисол. Журналистлигимни, аёллар, оила мавзуларида узоқ йиллардан бери ёзишимни билган бир аёл дардини айтиб қолди. Эри гиёҳвандлиги туфайли ОИТС юқтирган ва вирус аёлига ҳам ўтган. Ўртада фарзанд туғилган, у соғлом, лекин она эмизса, касал болага ҳам ўтади. Шу сабабли сунъий овқатлантириш билан боқади. Эрида касаллик сўнгги босқичга чиққан ва у ишлай олмайди, аёл ҳам. Боланинг овқати эса жуда қиммат. “Сўнгги ойда ўғлим касал бўлиб қолди, ноилож узун сочимни сартарошхонага сотдим, шунинг пулига даволатдим ва “смесь” сотиб олдим. Бу ёғига қандай яшаймиз? Агар касал бўлмаганимда, ўлай агар, ўзимни сотишга ҳам тайёр эдим, чунки болам яна касал бўлса, ҳеч қандай чорам йўқ”, дейди аёл. Бу ягона ҳол эмас, биргина шу воқеанинг ўзида бир нечта муаммо бўй кўрсатади. Эри ишламагани учун боласига моддий ёрдам ололмайди, ўзининг ҳунари йўқ, болалар учун сунъий овқатлар эса асосан четдан олиб кирилади ва жуда қиммат.
Оч қолса, танасини сотавериши керак эмас, албатта. Аммо бу билан айрим аёллар моддий қийинчилик туфайли шу йўлга кираётганидан ҳам кўз юма олмаймиз. Хўш, нима қилиш керак? Ишламаса, боласини боқа олмаса, давлат боқиб берсинми? Албатта, йўқ. Қўлдан берганга қуш тўймас. Қорни оч одамга балиқ бергандан кўра, қармоқ бериб, қаерда яхши балиқ илинишини кўрсатган савоблироқ, чунки иккинчи ҳолда сиз унга бир умрлик яхшилик қилган бўласиз. Демак, аёллар, қизларни ёшликдан катта ҳаётга пухта тайёрлаб бориш, уларга билим, ҳунар, малака ўрганишлари учун етарлича шароит яратиб бериш, иш билан таъминлаш, оилани режалаштириш кабилар катта аҳамиятга эга. Яқинда бир хабар ўқидим: Бирлашган Араб Амирлигида аёллар учун Меҳрибонлик уйи очилибди. Қийин аҳволга тушиб қолган аёллар уч ойгача шу уйларда болалари билан яшаши мумкин экан. Уларга бепул бошпана, уч маҳал овқат, тиббий ёрдам берилар экан. Бу ерга оиласидан ажрашган, борар жойи йўқ, эри бехосдан ўлиб қолган, хуллас, ҳаётнинг кутилмаган зарбасига дуч келган аёллар мурожаат қилар экан. Уч ой ичида аёл бирон касб ўрганиши, иш топиши, хуллас, муаммосини ечиш йўлларини ахтариши мумкин. Мен хайрия маблағлари эвазига шундай масканларни барпо этиш кўплаб аёллар, болалар, инсонларнинг тақдирини яхши томонга ўзгартириб юбориши мумкин деб ҳисоблайман.
Муаммонинг ечимини қўшхотинлиликда кўрадиганлар ҳам бор. Яъни аёллар эрсиз қолмаса, уларни таъминлаб турадиган эркак бўлса фоҳишалик қилмайди дейишади. Лекин бу таъминлаш эркак пул топиб тургунгача, у бир кун синиб қолса, битта оиласини ҳам боқолмаслиги мумкин. Қолаверса, кўпинча эркаклар биринчи оиласига билдирмай уйланади ва қонуний никоҳидаги аёли кундош ҳақида билгандан сўнг жанжалдан қўрқиб ё безиб иккинчисидан воз кечишади. Натижада аёлнинг аҳволи аввалгидан ҳам баттарлашади. Ундан кўра пули кўп эркаклар хайрия қилиб аёлларга Меҳрибонлик уйлари қуриб берсалар, ўша уйларни таъминласалар яхши эмасми? Бу яхшиликларидан ўнлаб-юзлаб аёлларга наф тегади.
Бугун ижтимоий тармоқларда хорижда юрган, мижоз талашиб бир-бирининг сочини юлган ёки чет элга янги борган кезлари пулсизликдан фоҳишаликка мажбур бўлган аёлларнинг видеолари кўплаб тарқалмоқда.
Биз кўпмиллионли аҳолимиз, истасак-истамасак хорижга ишчи кучи экспорт қиламиз. Бундан уялиш, бу ҳолатни ёмон деб баҳолаш ва унинг олдига тўсиқ қўйиш мумкин эмаслигини ҳукуматимиз ҳам яхши англади. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан хорижга ишчи кучи экспорти тизимли равишда амалга ошириляпти. Лекин ўтган йили бу соҳада ўзига яраша коррупция тизими ишлаётгани агентлик ўтказган Жанубий Кореяга ишга жўнатиш учун танлов жараёнида аёнлашиб қолди ва соҳа мутасаддилари тегишли жазо олди. Бу ягона ҳол эмаслигини биламиз. Аёлларни хорижга ишга жўнатиш борасида алоҳида тадбирлар қўллаш, бу ишни шаффоф тарзда амалга ошириш лозим ва бу соҳа биргина Ташқи меҳнат миграцияси масалалари эмас, бошқа тизимлар орқали ҳам йўлга қўйилиши керак, масалан, хотин-қизлар қўмитаси, маҳаллий ўзини ўзи бошқарув органлари ва ҳоказо. Токи шароит тақозоси билан хорижга ишлашга кетаётган аёллар фақат тизимли равишда, аввалдан тузилган шартномалар асосида четга юборилиши, бу кенг миқёсда амалга оширилиши керак.
Қонунчиликда эса фоҳишабозликнинг иштирокчилари сифатида мижозларга жавобгарликни янада кучайтириш лозим. Талаб таклифни келтириб чиқаришини биламиз-ку.
Энг оғриқли, кураш қақшатқич бўладиган жабҳа эса ўртакашлар, уларнинг ортидаги катта «наҳанг»лардир. Шу пайтгача фоҳишалар қўлга олинганини биламиз-у, аммо уларнинг ишини ташкиллаштириб берганларни билмаймиз. Ким уларни ҳимоя қилади, жой билан таъминлайди, мижозларни бошлаб боради, қўлга олингач, товон тўлаб чиқариб олади? Уларни ҳимоя қиладиган, паноҳ бўладиганлар кимлар? Бу жуда мустаҳкам ҳалқа, “соҳа”нинг ўқ илдизидир. Муаммонинг илдизига болта урилмас экан, фоҳишабозлик билан курашишдан катта натижалар кутиб бўлмайди.
Фоҳиша қўлга тушиб, жарима тўлаб чиққач, ўз иш ўрнига қайтади. Бу эса барча кураш бесамар кетганини билдиради. Аёллар бу иш хатолигини, гуноҳлигини билса ҳам, «йўли»дан қайтмайди. Шу ўринда гап яна реабилитация марказларига бориб тақалади. Фоҳишаларни ҳибсхоналар эмас, реабилитация марказлари соғлом ҳаётга қайтариши мумкин. Ҳар бир фоҳиша ортида бир шахс, бир аёл тақдири, миллат номуси ва келажаги масаласи ётибди. Шундай экан, уларни эшитиш, тушуниш, муаммолари билан ишлашни ҳам ташкиллаштириш лозим.
Давлатимиз раҳбари ҳаётимиздаги ҳар қандай муаммога тик қараб, камчиликларимизни, нуқсонларимизни очиб ташламоқда. Бу биз, фуқароларга ибратдир. Келинг, муаммоларимизни яширмасдан, улардан чўчимасдан биргаликда ҳал қилиш йўлларини излайлик. Ана шунда биз тарихи, аждодлари буюк, келажаги ҳам, албатта, ёрқин, ёруғ бўладиган миллатга хос иш тутган бўламиз.
Манба: UzA “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?