16:21 / 06.01.2019
3 904

Москвада қўлга олинган америкалик ҳақида нималар маълум?

Москвада қўлга олинган америкалик ҳақида нималар маълум?
«Жисмоний шахсдан дипломатик ўйинларда пиёда сифатида фойдаланилмаслиги керак. Биз унга қўйилган айбловларни кўриб чиқишимиз, унга қарши иш қандайдир асосга эгами ёки йўқлигини аниқлаб олишимиз керак», деди Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант америкалик собиқ ҳарбий денгизчи Пол Уилан Москвада қўлга олинишига муносабат билдирар экан.

«Биз барчамиз у ва унинг оиласи учун қаттиқ ташвишдамиз», деган вазир Пол Уиланда британ фуқаролиги ҳам борлиги маълум бўлганидан кейин Би-би-си учун берган интервьюсида.

«Биз унга ёрдам кўрсатиш учун мавжуд имкониятларимизни ишга соламиз», дея ишонч билдирган Ҳант. Унинг айтишича, Москвага Уилан бўйича сўров юборилган, аммо ҳозирча жавоб келмаган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова «сўров кўриб чиқилиш» жараёнида экани ҳақида айтди.

Нима бўлганди?

2018 йилнинг 31 декабрь куни ФСБ (Россия Федерал хавфсизлик хизмати) америкалик Пол Николас Уилан 28 декабрь куни Москвада «жосуслик билан шуғулланаётган вақтида» қўлга олингани ҳақида маълум қилди. Гумонланувчи барча айбларни рад этди.

«Росбалт» агентлиги Уилан Россия фуқаросидан давлат сири бўлган махфий маълумотлар ёзилган флэшкани қабул қилаётган вақтида ушлангани ҳақида хабар берди. Аммо бу ҳолат ҳақида расмий маълумот йўқ.

ФСБ сайтида Уиланга нисбатан РФ ЖКнинг 276-моддаси (жосуслик) бўйича жиноий иш очилгани айтилди. 3 январь куни Уилан жойлаштирилган «Лефортово» изоляторига АҚШнинг Москвадаги элчиси Жон Ҳантсман ҳам келди.

Пол Уиланнинг нечта паспорти бор?

Пол Уилан 1970 йилда Оттавада (Канада) британияликлар оиласида туғилган. 70-йиллар бошида унинг оиласи Қўшма Штатларга кўчиб ўтган. Кейинги йилларда Уилан Мичиган штатидаги Нови шаҳрида истиқомат қилиб келган.

Унда Канада паспорти ҳам бўлиши мумкин, аммо унинг акаси Дэвид CBC телеканалида ҳозир Полда Канада паспорти борлигини тасдиқлай олмаслигини айтди.

Кўп ўтмасдан Канада ҳукумати сайтида шундай хабар берилди: «Консуллик ходимларига Канада фуқароси Россияда қўлга олингани маълум. Унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги ҳисобга олиниб, қўшимча маълумотлар берилмайди». Ирландиядаги RTE телеканали эса Пол Уиланда Ирландия паспорти ҳам мавжудлиги ҳақида хабар тарқатди.

Пол Уилан ким бўлиб ишлаган?

New York Times хабарига кўра, у Мичиган университетини тамомлаган. Ҳарбий манбаларда айтилишича, 1994 йили Пол Уилан АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига хизматга кирган.

2000-йиллар бошида у Kelly Services номли халқаро компанияда IT-маслаҳатчи сифатида ишга кирган, аммо шу билан бирга 2004 ва 2006 йилларда икки марта Ироққа денгиз пиёдалари сафида бориб келган.

Уилан ўз сайтида ёзишича (ҳозир сайт ишламай қолган), Россияга илк бор денгиз пиёдаларидаги хизмат вақтида келган. У Москва ва Петербургда олинган суратларини «ёқимли лаҳзалар» сифатида белгилаган.

2008 йили уни ёмон хулқи учун қуролли кучлар сафидан бўшатишган. Уилан бу вақтга келиб штаб-сержант мақомигача кўтарилганди. Пентагон хабарига кўра, у ўғрилик учун ҳайдалган.

CNN маълумотига кўра, Уиланни бошқаларнинг ижтимоий суғурта рақамидан фойдаланишда ҳамда сохта чеклар чиқаришда ҳам айблашган. Лекин Уиланнинг қариндошлари унинг ҳаётидаги бундай воқеа ҳақида билмасликларини айтишган.

У Kelly Services компаниясида ишлашда давом этган, 2010 йилда глобал хавфсизлик ва тадқиқотлар бўйича катта менежер даражасига кўтарилган. У компания бош офисида хавфсизлик учун масъул бўлган.

2016 йили у ишини ўзгартирган ва автомобиллар учун эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи BorgWarner компаниясида хавфсизлик масалалари бўйича директорга айланган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида фаолият олиб борувчи бу компаниянинг Россияда корхонаси мавжуд эмас.

Россияга сафар

2006 йилги илк ташрифидан кейин Уилан Россияга яна бир неча марта келган. У россияликларнинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғида ҳам рўйхатдан ўтган. Уилан у ерда жуда кам ёзган, унинг профилида асосан рус тилидаги табрикларни учратиш мумкин.

Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилишидан кейин Уилан ўз саҳифасида рус тилидаги мемни жойлаштирган. Унда «кейингиси Аляска бўлиши мумкинлиги» ифодаланганди.

Москвалик 26 ёшли сартарош Сергей Артеменко New York Times нашрига айтиб беришича, Уилан уни 6 йил муқаддам, армияда хизмат қилаётганида Инстаграмдаги дўстлари сафига қўшган. Унинг сўзларига кўра, улар ҳеч қачон юзма-юз кўришишмаган, аммо вақти вақти билан ижтимоий тармоқда ҳазиллашиб гаплашиб туришган. Уилан бир сафар ундан сочини олиб қўйишни ҳам сўраган.

Акасининг айтишича, Россияга охирги ташрифида Пол Уилан дўсти, россиялик қизга уйланаётган собиқ сафдошининг тўйига бормоқчи эди.

Уиланнинг манфаатларини адвокат Владимир Жеребенков ҳимоя қилади. У Аргентинадан Россия элчихонаси орқали катта миқдордаги наркотиклар олиб ўтишда айбланган россиялик Андрей Ковальчукнинг ҳам адвокати ҳисобланади.

Жосуслик можаролари

Декабрь ойи ўрталарида АҚШда 2018 йилнинг июлида қўлга олинган россиялик Мария Бутина устидан суд бўлиб ўтганди. У АҚШ Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмасдан чет эл агенти сифатида фаолият олиб боришда айбланганди. Судда у айбини тан олди ва жазо енгиллаштирилиши учун тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди.

Рейтер агентлиги хабарига кўра, Марказий разведка бошқармасининг (ЦРУ) Москвадаги собиқ резиденти Дэниел Хоффман Уиланнинг қўлга олиниши Бутина ишига жавоб бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилди.

New York Times билан суҳбатда Ҳоффман МРБ ўз ходимини Россияга дипломатик ҳимоясиз юборганига шубҳа билдирди. Март ойида Британия ва қатор Ғарб давлатлари 100дан ортиқ россиялик дипломатларни Солсберида рўй берган Сергей Скрипаль ишига жавобан ўз ҳудудидан чиқариб юборганди.

Британия ҳукумати ўшанда Россия ҳукуматини собиқ агентини асаб тизимини ишдан чиқарувчи «Новичок» моддаси билан заҳарлашда айблаганди. Россия барча айбловларни рад этган ва Ғарб давлатлари дипломатларини ўз ҳудудидан чиқариб юборганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москвада қўлга олинган америкалик ҳақида нималар маълум?