19:09 / 03.06.2020
1 826

Билл Гейтс, Тим Кук ва Стиввен Спилбергнинг битирувчиларга мурожаати

Билл Гейтс, Тим Кук ва Стиввен Спилбергнинг битирувчиларга мурожаати
АҚШда мавжуд анъанага кўра, ҳар йили таълим муассасалари битирувчиларига таниқли шахслар эзгу тилаклар билдиришади, катта ҳаётга қадам қўйишгани билан табриклашади.

Жорий йилда анъана бошқача тус олди – машҳурлар ўқув муассасасини уйда виртуал тарзда битираётган 2020 йил битирувчиларини табриклаш қаторида, ҳозирги қийинчиликлар давридан тўғри хулоса чиқаришга чақиришди.

Билл Гейтс, Microsoft асосчиси:

Фото: Justin Sullivan / Getty Images
– Ҳозирги пандемия, инқироз кўпчилигингизда эпидемиология ёки соғлиқни сақлаш соҳасидан бориш фикрини уйғотган бўлса ажаб эмас. Бу ажойиб, аммо бу дунё тараққиёти учун ҳисса қўшишнинг ягона усули эмас. Яқин орада сиёсатчилар инқироздан қандай чиқиб кетиш, унинг қайталанишига йўл қўймаслик билан боғлиқ қатор қарорларни қабул қилишлари керак бўлади. Овозингизни йўқотманг, эртанги кун ҳар ерда ҳамма учун яхшироқ ва порлоқ бўлиши учун овоз беринг.

Унутманг, карьера йўли бутун умр учун битта бўлиши шарт эмас. 20 ёшларимда ҳар доим дастурий таъминот соҳасида ишлаб қолавераман, деб ўйлардим. Қачондир хайрия ёки глобал соғлиқни сақлаш тизимида ишлашим ҳақида ўйламаганман. Microsoft’ни ташлаб, бутун фаолиятимни ҳозирги ишларимга бағишлаш хаёлимга ҳам келмаган.

Улғайган сари қизиқишлар ва кўникмалар ҳам ўзгариб боради. Ҳар доим ўзгаришлар учун очиқ бўлишингизни маслаҳат берган бўлардим. Янгиликлардан қўрқманг.

Тим Кук, Apple бош директори:

Фото: Josh Brasted / Getty Images
– 1998 йилда Apple’га келганимда омадим чопганига ишонгим келмасди. Бутун фаолиятим давомида Стив Жобс билан елкама-елка ишлайман деб ўйлардим. Аммо ўзгаришлар кутилмаганда содир бўлади. Стивни йўқотганимизда мен ҳис қилган ёлғизлик ҳисси – биз бошқаларнинг ҳаётига кўрсатадиган таъсирдан кўра кучлироқ ва абадийроқ нарса йўқлигининг исботи эди.

Бундай пайтда ортга қараб қийинчиликларни эслашга куч топадиганлар – бахтли инсонлардир. Аксарият ҳақиқий синовлар ва қўрқув нималигини англаб етади, баъзилар эса буни унутишга ҳаракат қилишади. Суюкли инсонларимиз, дўстларимиздан тасалли излаймиз, аммо таъсири сизнинг ҳаётингизда билвосита эса-да катта бўлган инсонлар ҳақида ҳам ўйлаб кўринг.

Атрофдагилар айблайдиган ва турткилайдиган, аммо ўз оиласини ва сизнинг оилангизни боқиш учун меҳнат қилаётган, таниқли бўлмаган ота ҳақида ўйланг. Биз тонгда келиб харид қилишимиз учун кечаси билан озиқ-овқат дўкони пештахталарига маҳсулотларни териб чиқадиган ёлғиз онани ўйланг. Уларнинг меҳнатисиз кўп нарса имконсиз бўлиб қоларди. Тиззалаб ўтириб палаталар полини юваётган шифохона хизматчиси ҳақида фикрланг – унинг меҳнати ибодатхонани ёритувчи ходимники сингари қийматли ва мукаррам.

Ўйлаб кўринг, сифатли таълим олгандан сўнг атрофни ўзгартириш учун қандай ҳаракат қила оласиз? Бугун чин маънодаги муҳим масалалар кун тартибига чиқа бошлади – яқинларнинг саломатлиги ва фаровон ҳаёти, жамиятдаги барқарорлик, шифокордан тортиб чиқинди тўпловчига қадар инсонларга хизмат қилиш учун ҳаётини тикканларнинг йўқотишлари...

Стивен Спилберг, кинорежиссёр:

Фото: Paul Marotta / Getty Images
– Орзулар ҳар доим катта синовлар демакдир. Чунки орзулар қатъиятингизни синовдан ўтказади. Баъзи орзулар хаёллигича қолиб кетаверишини тушуниб етасиз. Орзулар кишини жунбушга келтирадиган, аммо тезгина совийдиган чизгилар эканлигини англайсиз. Ҳар доим сиз билан бўладиган эмас, балки ўзингиз қўйиб юборишни истамайдиган орзу ҳақиқийдир. Ҳақиқий орзу одамлар ва муҳит қаршингизга қўядиган ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтиш учун куч беради.

Ўзимизни орзулар билан эмас, орзуларни ўзимиз билан тўлдиришимиз керак. Бу иродали бўлишга, қўрқувни енгишга, ҳеч қандай тўсиққа қарамай олдинга ҳаракатланишга имкон беради.

Аввалроқ АҚШнинг 44-президенти Барак Обама, киноактёр Арнольд Шварценнегр, ҳуқуқ ҳимоячиси Малала Юсуфзай каби таниқли шахслар ҳам 2020 йил битирувчиларини қўллаб-қувватлаб чиқишган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Билл Гейтс, Тим Кук ва Стиввен Спилбергнинг битирувчиларга мурожаати