11:25 / 26.06.2020
1 181

АҚШда янги штат ташкил этилиши бўйича овоз берилади

АҚШда янги штат ташкил этилиши бўйича овоз берилади
АҚШ конгресси қуйи палатаси 26 июнда пойтахт Вашингтон мақоми бўйича овоз беради. Вашингтонни АҚШнинг 51-штатига айлантириш таклиф қилинмоқда. Айни вақтда Вашингтон маъмурий нуқтайи назардан бирорта штат таркибига кирмайдиган Колумбия федерал округи ҳисобланади.

Қуйи палата спикери Нэнси Пелоси матбуот анжуманда округ мақомининг пастлигини “жиддий адолатсизлик” деб атаган. “Эртага демократиямизга қарши турган ушбу адолатсизликни тўғрилаймиз”, деб келтирган спикернинг сўзларини Fox News телеканали.

Ушбу ташаббус ҳомийлари сифатида Демократик партиядан конгрессменлар чиқмоқда. Уларнинг таъкидлашича, пойтахт аҳолиси ўз фуқаролик бурчларини сидқидилдан бажаради, бироқ шу билан бирга федерал конгрессга ўз вакилларини сайлаш имкониятига эга эмас. Бу борадаги қонун лойиҳаси демократлар кўпчиликни ташкил қиладиган қуйи палатада маъқулланиши, бироқ республикачилар кўпчиликни ташкил қилган сенатда рад этилиши кутилмоқда. Оқ уйда эса ҳар қандай вазиятда ҳам қонун лойиҳасига вето қўйилиши айтилган.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп New York Post нашрига берган интервьюсида Вашингтон 100 фоиз демократларга тегишли эканини айтган ва унинг штатга айлантирилиши учун фақат “аҳмоқ республикачиларгина” овоз бериши мумкинлигини таъкидлаб ўтган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)