18:53 / 15.07.2020
2 485

АҚШ коронавирусга қарши вакцина синовининг дастлабки натижаларини эълон қилди

АҚШ коронавирусга қарши вакцина синовининг дастлабки натижаларини эълон қилди
Фото: Pedro Vilela / Getty Images
Биринчи эмлашдан сўнг барча қатнашчиларда коронавирусга нисбатан антитана пайдо бўлди, иккинчи эмлашдан кейин эса антитаналар миқдори икки бараварга кўпайди.

Moderna компанияси томонидан коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакцинанинг биринчи босқич синови уни қабул қилган барча кўнгиллиларда COVID-19га қарши антитана пайдо бўлганини кўрсатди. Бу ҳақда New England Journal of Medicine нашри маълум қилди.

Синовнинг дастлабки босқичида 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган 45 нафар соғлом кўнгиллилар иштирок этди. Улар 15 кишидан учта гуруҳга бўлинди ва ҳар бир гуруҳ учун маълум дозада вакцина белгиланди. Вакцинация тўрт ҳафталик оралиқда икки марта ўтказилди. Биринчи эмлашдан сўнг барча қатнашчиларда коронавирусга нисбатан антитана пайдо бўлди, иккинчи эмлашдан кейин эса антитаналар миқдори икки бараварга кўпайди. Бунда энг кам миқдорда вакцина олганларда антитаналар миқдори кўпроқ бўлди.

Шу билан бирга, ўрта миқдорда вакцина олганларнинг ярмидан кўпида чарчоқ, титроқ, бош ва мускул оғриқлари кузатилди. Иккинчи эмлашдан кейин ўрта миқдорда вакцина қабул қилганларнинг 40 фоизида ҳарорат кўтарилди. Энг кўп доза олганларнинг учтасида жиддий ножўя таъсирлар кузатилди.

«Ножўя таъсирлар кўп», — деди Дьюк университети тадқиқотчиси Тони Муди.
Шу билан бирга, АҚШ аллергия ва юқумли касалликлар миллий институти тадқиқотчилари синовда қатнашганларнинг аксариятида ножўя таъсирлар жиддий бўлмаганлигини қайд этди.

Июль охирида вакцинани кенг миқёсда синовдан ўтказиш бошланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)