09:00 / 21.07.2020
1 610

Эронда АҚШга жосуслик қилиб, Сулаймоний ҳақида маълумот бериб турган шахс қатл этилди

Эронда АҚШга жосуслик қилиб, Сулаймоний ҳақида маълумот бериб турган шахс қатл этилди
Фото: Global Look Press
Эронда АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси ва «Моссад» разведкаси фойдасига жосуслик қилиш иши бўйича таржимон Маҳмуд Мусавий-Мажид қатл этилди, деб хабар бермоқда Mizan Online.

Мажид — Эрон фуқароси бўлиб, Сурияда яшаган. Айбловга кўра, у пул эвазига Америка ва Исроил разведкасига Эрон Қуролли Кучлари, юқори мартабали ҳарбийлари, шу жумладан, генерал Қосим Сулаймоний ҳаракатлари ҳақида маълумот бериб турган.

Бироқ Эрон Олий суди унинг иши Сулаймонийнинг ўлдирилиши билан боғлиқ эмаслиги ва Мусавий-Мажид 2018 йилдаёқ ҳибсга олинганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси генерали Қосим Сулаймоний 3 январь куни АҚШ ҳаво кучлари томонидан Бағдод аэропортига берилган авиаҳужум оқибатида ўлдирилганди. Зарба АҚШ президенти Дональд Трамп фармойишига асосан берилган.

У ИИМКни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблаган ва Қосим Сулаймонийни минтақада, хусусан, Ироқда бўлиб турган америкалик дипломатлар ва ҳарбийларга ҳужум қилишни режалаштирганликда айблаган. Эрон эса унга жавобан Ироқдаги Америка базасига ҳужум қилган. Бунинг оқибатида 100 дан ортиқ америкалик жароҳатланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)