15:00 / 11.08.2020
2 724

«Пойгадан маъно йўқ»: Хориж фармацевтика компаниялари Россияни коронавирусга қарши вакцинани рўйхатга олмай туришга чақирди

«Пойгадан маъно йўқ»: Хориж фармацевтика компаниялари Россияни коронавирусга қарши вакцинани рўйхатга олмай туришга чақирди
Гамалея номидаги марказ вакцинаси ушбу ҳафтада давлат томонидан маъқулланиши кутилмоқда. Россия соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Олег Гридневнинг сўзларига кўра, уни биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ва кексалар олади.

Коронавирусга қарши Россия вакцинасини клиник тадқиқотларнинг учинчи босқичи муваффақиятли якунланмагунига қадар давлат рўйхатидан ўтказишни ортга суриш лозим. Бу ҳақда Клиник тадқиқотлар бўйича ташкилотлар ассоциациясининг (КТТА) Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашкога йўллаган мактубида айтилган. Ассоциацияга асосан хориж фармацевтика компаниялари, хусусан AstraZeneca, Bayer, Novartis ва Pfizer киради.

Гап Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология миллий маркази ишланмаси тўғрисида бормоқда. КТТАнинг таъкидлашича, ҳозирда вакцина прототипи синовида 100дан озроқ киши қатнашган, аслида эса синовларнинг учинчи босқичида минглаб кишилар қатнашади. Ана шундагина вакцинанинг самарадорлиги ва хавфсизлиги тўғрисида маълумот тўпланади. Бугунги кунда вакцинанинг масалан, кексалар учун хавфсизлиги тўғрисида маълумот йўқ, дея қайд этган ассоциация. Қўшимча қилинишича, одатда давлат рўйхатидан якуний маҳсулот ўтказилади, «Гам-Ковид-Вак» вакцинасини ишлаб чиқариш эса ҳали йўлга қўйилмаган ва дорининг сифати қандай бўлиши номаълум.

Ассоциация бошқа вакцина ишлаб чиқарувчилар билан пойга ўйнашдан маъно йўқ ва бу Россияни етакчига айлантирмайди, балки «вакцинанинг якуний истеъмолчиларини хатарга қўяди» деб ҳисобламоқда.

«Нима учун барча корпорациялар қоидага амал қилади, Россияники эса йўқ? Клиник тадқиқотлар ўтказиш қоидалари қон билан ёзилган. Уларни бузиш мумкин эмас. Бу Пандора қутиси ва текширилмаган вакцинани олган одамларга нима бўлишини билмаймиз», — деди КТТА ижрочи директори Светлана Завидова Bloomberg агентлигига.

У тадқиқотларнинг ҳеч қандай натижалари эълон қилинмаганига эътибор қаратган.
«Россия КТТА баёнотига вакцина бозорида устунлик қилишни истайдиган, аммо рақобатни истамайдиган айрим Ғарб фармацевтика компанияларининг рақобат курашининг бир қисми деб қарайди. Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги маъқуллашнинг барча таомилларига амал қилади[i][/i]», — деди вакцина ишлаб чиқишда иштирок этган Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фони бош директори Кирилл Дмитриев.

Гамалея маркази вакцинаси ушбу ҳафтада давлат томонидан маъқулланиши кутилмоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Олег Гридневнинг сўзларига кўра, уни биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ва кексалар олади.

«Вектор» лабораториясининг вакцинаси ҳам клиник тадқиқотлар босқичида. Дунё бўйича яна бир нечта компания ва мамлакатлар ўз вакциналарини ишлаб чиқмоқда. Moderna, AstraZeneca, Pfizer компаниялари вакциналари синовларнинг учинчи босқичида бўлиб, октябрда маъқулланиши кутиляпти.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Пойгадан маъно йўқ»: Хориж фармацевтика компаниялари Россияни коронавирусга қарши вакцинани рўйхатга олмай туришга чақирди