2 та машиналик жойга 16 та автомобил: Ўзбекистонда ноодатий автотураргоҳ

Smart Parking Solution компанияси томонидан ўрнатилган мазкур тизим компания таъсисчиси Шерзод Шукуровнинг маълум қилишича, атиги икки автомобил сиғадиган майдонда 16 та машинани жойлаштириш имконини беради. Бундай механизациялашган автотураргоҳлар чекланган ҳудуддан самарали фойдаланиш учун қўлланади.
Тизим деярли тўлиқ автоматлаштирилган. Ҳайдовчи автомобилни махсус платформага қўяди, камера давлат рақамини аниқлайди. Шундан сўнг марказий лифт автомобилни керакли қаватга кўтариб, бўш жойга жойлаштиради.
Автомобилни қайтариб олишда эса фойдаланувчи Face ID орқали аниқланиши ва тизим машинани автоматик тарзда пастга тушириб бериши кўзда тутилган.
Компания маълумотига кўра, битта шундай автотураргоҳни ўрнатиш қиймати тахминан 120–125 минг долларни ташкил этади. Ундан фойдаланиш нархи ойига 1–1,2 миллион сўм, соатбай тариф эса 12 минг сўмгача бўлиши мумкин. Якуний нарх автотураргоҳ жойлашган ҳудудга қараб белгиланади.
Лойиҳа ҳозирча синов тариқасида ишламоқда. Унинг Ўзбекистонда илк бор жорий этилгани ҳақидаги маълумот компания вакилининг баёнотига асосланган.






























Изоҳлар 0
…