16:37 / 11.10.2020
932

Трамп коронавирусдан тўлиқ тузалди. У вакцина тез орада тайёр бўлишини айтмоқда

Трамп коронавирусдан тўлиқ тузалди. У вакцина тез орада тайёр бўлишини айтмоқда
Фото: Reuters
АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирусдан буткул халос бўлди. У энди атрофдагилар учун хавф туғдирмайди. Бу ҳақда президентнинг даволовчи шифокори Шон Конли маълум қилди.

Текширувлар давомида Трампнинг танасида вирусларнинг фаол ҳаракати аниқланмаган. Президентнинг даволовчи шифокори тузган баёнотда у қачон топширган тест манфий натижа бергани айтилмаган.Шанба куни Оқ уйдаги балкондан туриб ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилган Трамп ўзини жуда яхши ҳис қилаётгани ва вакцина тез орада тайёр бўлишини айтганди.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, Трамп яна омма олдида пайдо бўлиши мумкин, чунки у энди атрофдагиларга хавф туғдирмайди. Айни дамда Трамп учун саломат бўлиши жуда муҳим, чунки президентлик сайловларига уч ҳафтадан кўпроқ вақт қолди ва олдинда Жо Байден билан ўтказиладиган дебатлар бор.

Трампнинг Оқ уй балконидан туриб чиқиш қилиши танқидларга сабаб бўлди, чунки бу номзоднинг эмас, президентнинг чиқиши ҳисобланади. Сайлов олдидан президент сифатида сиёсий чиқиш қилиш эса яхши кутиб олинмади. Трампнинг бу чиқиши Blexit фонди томонидан ташкил қилингани айтилди. Бу фонд афроамерикаликлар ва АҚШнинг келиб чиқишига кўра лотин америкалик бўлган фуқароларини республикачилар партиясини қўллашга ундаётгани маълум. Яъни Трамп чиндан Оқ уйдан туриб сайлов кампанияси олиб борган.

Пойга давом этади
Трамп душанба куни Флорида штатида тарафдорлари олдида чиқиш қилишга ваъда берган. Ижтимоий сўровлар бу ҳудудда овоз бериш натижалари қандай бўлишини тахмин қилиб бўлмаслигини кўрсатади. Флоридадаги сайловларда ғолиб бўлмасдан эса президент бўлиш деярли имконсиз.

Blexit фонди афроамерикаликлар ва лотин америкаликларни республикачилар партиясини қўллашга ундаб келади / Reuters
Ижтимоий сўровлар Жо Байден кичик фарқ билан олдинда эканини кўрсатмоқда. Баъзи сўровларга кўра, америкаликларнинг атиги 35 фоизи Трамп маъмуриятининг пандемия давридаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бироқ АҚШ президентлик сайловларида қанча миқдорда овоз тўплаш эмас, асосий штатларда кўпроқ делегатларнинг овозига эга чиқиш муҳимлигини унутмаслик керак. Масалан, 2016 йилда Ҳиллари Клинтонга сон жиҳатдан кўпроқ америкаликлар овоз берган бўлса-да, айнан штатлардаги натижалар сабаб Трамп ғолиб бўлганди.

Трампнинг саломатлиги ҳақида нима маълум?
Трампнинг ўзи Fox News'га интервью бериб, ўзини жуда яхши ҳис қилаётганини айтди. Унинг шифокори Шон Конли ҳам президент оммавий тадбирларда қатнашиши мумкинлигини тасдиқлади. Трамп 2 октябрь куни коронавирусдан зарарлангани маълум бўлгач, уч кун давомида Уолтер Рид номли ҳарбий касалхонада даволанди. Уни «Дексаметазон», «Ремдесивир» ва антитаначалар ёрдамида тайёрланган махсус «Регенерон» коктейли билан даволашди.

АҚШдаги карантин тартибларига кўра, коронавирус юқтирган одамлар 10 кун давомида ўзини яккалаши керак. Касалхонага ётишга мажбур бўлган даражада аҳволга келган беморлар 20 кун давомида ўзини яккалашга мажбур ҳисобланади.

Трамп коронавирусга чалинишидан олдин ниқоб тақмаслиги, ижтимоий масофа сақламаслиги туфайли кўп бор танқидга учраган. АҚШнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи ҳам бу борада Трамп маъмуриятини танқид қилиб келади. Чунки Трамп 26 сентябрь куни Оқ уй олдида ўз тарафдорлари билан учрашув ўтказган ва ўшанда деярли ҳеч ким ниқоб тақмаган. Кейинроқ ушбу учрашувда қатнашганлардан 11 нафарида коронавирус аниқланганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)