12:00 / 05.11.2020
2 218

АҚШ президентлиги сайловида 120 йил ичидаги сайловчиларнинг энг юқори фаоллиги қайд этилди

АҚШ президентлиги сайловида 120 йил ичидаги сайловчиларнинг энг юқори фаоллиги қайд этилди
Фото: The Hill
АҚШда 2020 йилда бўлиб ўтган президентлик сайлови 120 йил ичида энг кўп сайловчини ўзига жалб қилди. Бу ҳақда United States Election Project лойиҳасининг дастлабки маълумотларига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

«Бундай ҳолат ҳар доим ҳам содир бўлавермайди. 2020 йилдаги президентлик сайловида 120 йил ичидаги энг юқори фаоллик қайд этилди», — дея маълум қилган Флорида университетининг сиёсатшунослик бўйича профессори ва лойиҳага раҳбарлик қилувчи Майкл МакДональд.

Унинг маълум қилишича, 4 ноябрь куни эрталаб олинган маълумотларга кўра, сайловда 160 миллион киши иштирок этган ва бу сайловчиларнинг 66,9 фоизини ташкил қилган. 1900 йилда сайловчиларнинг 73,7 фоизи овоз беришда иштирок этган.

МакДональднинг тушунтиришича, овозларни санаш жараёни давом этмоқда ва сайловчиларнинг иштироки бўйича маълумотлар ўзгариши мумкин.

АҚШда президентлик сайлови 3 ноябрь куни бўлиб ўтди, айни пайтда овозларни санаш жараёни кетмоқда. Амалдаги давлат раҳбари, республикачи Дональд Трамп қайта сайланишга умид қилмоқда. Унинг рақиби эса демократ Жо Байден ҳисобланади.

АҚШда президентлик сайлови икки даражали тизимда ўтказилади. Умумхалқ овоз беришидан кейин 50 та штатнинг ҳар биридан ва Колумбия округидан сайловчилар жамоасининг овоз бериши бўлиб ўтади. Сайловчилар жамоалари уларнинг штатларида сайловчилар кимга энг кўп овоз берганига мувофиқ равишда овоз беради. Сайловда ғолиб чиқиш учун номзодлардан бири сайловчиларнинг камида 270 та овозини олиши керак.

Fox News’нинг ҳисоб-китобларига кўра, Байден ҳозирча 238 нафар сайловчи томонидан қўллаб-қувватланган, Трамп эса 213 та овоз олган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ президентлиги сайловида 120 йил ичидаги сайловчиларнинг энг юқори фаоллиги қайд этилди