08:50 / 13.01.2021
1 063

Трамп импичмент ва Капитолийга бўлган ҳужум ҳақида сўзлади

Трамп импичмент ва Капитолийга бўлган ҳужум ҳақида сўзлади
Фото: Reuters
Дональд Трамп унга қарши бошланган импичмент жараёнини «энг катта жодугар овининг давоми» деб атади ва президентлик сайловлари якунлари билан боғлиқ ҳолда бундан кейин ҳам зўравонлик қилишни истамаслигини айтди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

«Импичмент даҳшатли ғазабга сабаб бўлади. Аммо мен ҳеч қандай зўравонликни хоҳламайман», – деди Трамп журналистлар олдида сўзлаган нутқида.

Bloomberg Трампнинг айни шу сўзларини келтириб, у шу тариқа Капитолий биносига бостириб кириш учун ҳар қандай жавобгарликни рад этганини таъкидламоқда.

Трамп Капитолийга қилинган ҳужум учун жавобгарликни ҳис қиладими ёки йўқми, деган саволга ҳам жавоб бериб ўтди. Трампнинг айтишича, унинг 2021 йил 6 январдаги сайлов натижаларига қарши чиққан республикачи конгрессменларни қўллаб-қувватлашга чақирган сўзлари «мутлақо ўринли».

Эслатиб ўтамиз, АҚШда 3 ноябрь куни бўлиб ўтган президент сайловлари натижаларини сайловчилар ҳайъати 15 декабрь куни қўллаб-қувватлаб, демократлардан номзод Жо Байденни ғолиб деб эълон қилди. Конгресс якунларни 6 январь куни тасдиқлаши керак эди. Бунга сайловда мағлуб бўлган президент Дональд Трампнинг тарафдорлари халақит берди: улар Конгресс биноси ёнида йиғилиб, ичкарига бостириб кирди. Полиция уларни фақат куч билан қувиб чиқара олди.

Конгрессменларнинг бир қисми Капитолийдан эвакуация қилинди. Вашингтонда комендантлик соати эълон қилиниб, тартибни сақлаш учун АҚШ пойтахтига Миллий гвардия кучлари киритилди. Тўқнашувларда беш киши ҳалок бўлди.

Кейинроқ, 7 январь куни АҚШ Конгресси мажлисини давом эттириб, Жо Байденнинг АҚШнинг 46-президенти этиб сайланганини тасдиқлади ва унинг инаугурациясини 20 январга белгилади. Трамп овоз бериш якунларидан ҳамон норози бўлса-да, ваколатларни сайланган президентга топширишга тайёрлигини эълон қилди.

Бир қатор демократ сиёсатчилар Трампни ўз тарафдорларини зўравонликка гижгижлашда айблади. Амалдаги АҚШ президенти энг йирик ижтимоий тармоқларда вақтинчалик ёки доимий равишда блокланди, унинг маъмуриятидаги ўнга яқин ходим истеъфо берди.

Вакиллар палатаси спикери, Демократлар партияси аъзоси Нэнси Пелоси вице-президентдан Трампни ҳокимиятдан четлатишни талаб қилди. Акс ҳолда Пелоси Трампга нисбатан импичмент жараёнини бошлаш билан таҳдид қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)