17:00 / 02.03.2021
694

Пентагон Украинага ҳарбий ёрдам сифатида 125 миллион доллар ажратади

Пентагон Украинага ҳарбий ёрдам сифатида 125 миллион доллар ажратади
АҚШ Мудофаа вазирлиги мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириш учун Украинага 125 миллион долларлик янги ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди. Муассасанинг 1 март куни тарқатган хабарида маблағ Украина хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш ташаббуси доирасида ажратилиши ва ҳарбийларни тайёрлаш, аслаҳа сотиб олиш ҳамда ҳарбий маслаҳатчиларга кўмак беришга йўналтирилиши маълум қилинган.

«Бу Украина ҳарбий кучларига мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, чегаралар хафсизлигини таъминлаш ва НАТО билан оператив ҳамоҳангликни ошириш имконини беради», дейилади вазирлик пресс-релизида.

Пентагондагилар бу ёрдам «Украинанинг Россия агрессиясидан самаралироқ ҳимоялана олиши учун мудофаа қуролларини тақдим этиш» йўлида АҚШнинг собитқадамлигини исботлашини айтишмоқда.

Ажратиладиган маблағ, хусусан, Mark IV намунасидаги икки патрул қайиқларини харид қилиш ҳамда Украинага артиллерияга қарши радарлар ва тактик жанговар қуроллар тақдим этишга сарфланади.

АҚШ Конгресси 2021 молия йилида ажратадиган қолган 150 миллион доллар Пентагон ва АҚШ Давлат департаменти расмий Киев мудофаа соҳасида асосий йўналишларда ислоҳотлар етарлича ўсишга эришганига ишонч ҳосил қилгачгина тақдим этилади.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинани ҳарбий кучлар устидан фуқаролик назоратини кучайтириш, ҳарбий саноат ва харидларда шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш учун, шунингдек, ҳарбий секторнинг бошқа соҳаларини ҳам НАТО стандартлари ва принципларига мос равишда модернизация қилиш йўлида ислоҳотларни давом эттириш чақирмоқда.

2014 йилдан бери АҚШ хавфсизлик соҳасида Украинага 2 миллиард доллардан ортиқроқ маблағ ажратган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Пентагон Украинага ҳарбий ёрдам сифатида 125 миллион доллар ажратади