16:23 / 07.03.2021
1 790

Арманистонда Пашинянга қарши намойишлардан кейин полиция президент қароргоҳини қатъий қўриқлов остига олди

Арманистонда Пашинянга қарши намойишлардан кейин полиция президент қароргоҳини қатъий қўриқлов остига олди
Фото: «РИА Новости»
Ереванда полиция Арманистон президенти Армен Саркисяннинг қароргоҳини қатъий қўриқлов остига олди, деб хабар беради «РБК». Полициячилар давлат раҳбари қароргоҳини ўраб турган тўсиқ бўйлаб саф тортди.

6 март, шанба куни Арманистон бош вазири Никол Пашинянга қарши бўлганлар яна норозилик акциясини уюштирди: улар Ереван марказига чиқиб, бош вазирнинг истеъфосини талаб қилди. Намойишчилар президент қароргоҳи яқинидаги Баграмян шоҳкўчасида жойлашган Арманистон парламенти биноси ёнида тўпланди ва шаҳар бўйлаб юриш қилди.

Шунингдек, фахрийлар, истеъфодаги ҳарбий хизматчилар ҳамда Арманистон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Оник Гаспарян қўли остида ишлаган собиқ ходимлар уни қўллаб-қувватлаган ҳолда Республика Мудофаа вазирлиги биноси ёнида акция ўтказди. Мингга яқин одам тўпланиб, армия ва Гаспарянни олқишлади ҳамда Никол Пашинян ҳукуматига қарши чиқди.

23 февраль куни Арманистон бош вазири 1in.аm каналига берган интервьюсида 2020 йилнинг кузида Тоғли Қорабоғдаги можаро пайтида Ереван қўллаган «Искандер» ракеталари «портламаган ёки 10 фоиз қисмигина портлаган»ини айтган. Yerevan Today нашри журналистлари Арманистон Қуролли Кучлари бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари Тиран Хачатряндан ушбу баёнотга изоҳ беришни сўраганида, у узоқ кулган ва «бўлиши мумкин эмас» деб жавоб берган. Шундан кейин у Никол Пашиняннинг таклифига биноан ишдан бўшатилган.

Бу воқеадан кейин Арманистон Қуролли Кучлари бош штаби мамлакат бош вазири Никол Пашинян ва ҳукуматнинг зудлик билан истеъфога чиқишини талаб қилди. Баёнотга имзо чеккан 40 нафар юқори мартабали ҳарбий хизматчининг фикрича, Хачатрян «юзаки ўйланган ва асоссиз сабабларга кўра» ишдан бўшатилган.

Никол Пашинян ҳарбийларнинг баёнотига жавобан Facebook орқали мазкур баёнотни «ҳарбий тўнтаришга уриниш» деб ҳисоблаётганини маълум қилди ва ўз тарафдорларини намойишга чиқишга чақирди. Пашинян, шунингдек, ҳарбийлар баёнотига имзо чеккан Бош штаб бошлиғи Оник Гаспарянни ҳам лавозимидан озод қилганини айтди.

Аммо Арманистон президенти Армен Саркисян бош вазир Никол Пашиняннинг Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи Оник Гаспарянни ишдан бўшатиш ҳақидаги таклифини имзолашдан бош тортди. Бош штаб бошлиғини ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ лойиҳасини президент аппарати ўрганиб чиққан ҳамда ҳуқуқшунослар ва экспертлар билан батафсил муҳокама қилинган. Улар ташаббус «бутунлай Конституцияга зид» деган хулосага келган.

Шундан кейин Никол Пашинян президент Армен Саркисянга Бош штаб бошлиғини ишдан бўшатиш ҳақидаги арзномани қайтадан юборганини маълум қилди.

2020 йил 10 ноябрь куни Тоғли Қорабоғ бўйича битим имзолангани, унга кўра Арманистон бир қатор ҳудудларни Озарбайжонга топширгани ҳақида хабар берилган эди. Мухолифат Пашиняндан «хоинлик» шартномасини имзолагани сабабли истеъфога чиқишни талаб қилди. Шундан сўнг бош вазир истеъфога чиқишга тайёрлигини маълум қилди. Ўшандан буён мамлакатда бош вазирга қарши намойишлар давом этиб келмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Арманистонда Пашинянга қарши намойишлардан кейин полиция президент қароргоҳини қатъий қўриқлов остига олди