11:30 / 12.04.2021
1 900

Кремль Россия ва Украина ўртасидаги уруш эҳтимолини истисно қилди

Кремль Россия ва Украина ўртасидаги уруш эҳтимолини истисно қилди
Фото: AP Photo / Дмитрий Песков
Россия Украина билан урушга қараб ҳаракатланмоқчи эмас, ҳеч ким бундай уруш имкониятини мувофиқ деб ҳисобламайди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».

«Албатта, ҳеч ким уруш томонга ҳаракатланмоқчи эмас, ва ҳеч ким бундай уруш имкониятини умуман мувофиқ деб ўйламайди», — деди у «Россия 1» телеканали эфирида.

Песков қайд этишича, «шунингдек, ҳеч ким Украинада фуқаролар уруши имкониятини қабул қилмайди».

Шу билан бирга, Песков Киев ички муаммоларини куч ишлатиш йўли билан ҳал қилишга уриниши мумкинлигини Москва истисно қилмаслигини айтди, у ҳолда вазият Россия учун хавфли тус олади, деди у.

«Бу биз учун хавфлими? Албатта хавфли. Биз ўз хавфсизлигимизни таъминлаш учун чоралар кўришимиз керакми? Керак. Биз айнан шу билан шуғулланяпмиз», — деди у.

Донбассдаги вазият март ойида кескинлашди. Украина ҳамда ўзларини халқ республикалари деб эълон қилган Донецк ва Луганск бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузишда айбламоқда, иккала томон ҳам қурбонлар ҳақида хабар бермоқда.

Март ойи охирида The New York Times газетаси 4 минг рус қўшини Украина чегараларига, хусусан, Ростов, Брянск, Воронеж вилоятлари ва Қримга юборилгани ҳақида хабар берди. Ҳаммаси бўлиб, Россия Қуролли Кучларининг 28 та тактик баталён гуруҳи чегаралар бўйлаб жойлаштирилган. Conflict Intelligence Team суриштирув гуруҳи Россия қўшинларининг Россия—Украина чегараси ҳудудида тўпланишини 2014—2015 йиллардан бери энг кескин кўрсаткич деб атади.

Киев ўз чегаралари яқинида рус қўшинлари тўпланганини тасдиқлади ва уни «ўз кучини кўз-кўз қилиш» деб атади. АҚШ Россиядан мазкур «провокациялар»га изоҳ беришни талаб қилди, шунингдек, АҚШ президенти Жо Байден лавозимига келганидан бери биринчи марта Украина раҳбари Владимир Зеленскийга қўнғироқ қилди. Кремлнинг таъкидлашича, Россия ўз ҳудудида ўз қўшинларини ҳаракатга келтирмоқда ва «бу ҳеч кимни безовта қилмаслиги керак, қўшин ҳеч кимга таҳдид солмайди».

Россия қўшинларининг Донбассга тортилиши фонида Украина НАТОга қўшилиш масаласини қайта кўтарди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан суҳбатда Зеленский НАТО Донбассдаги урушни тўхтатишнинг ягона йўли эканини айтди. АҚШ бу ғояни ҳозирча назарий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда, Кремлнинг фикрича, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши Донбассдаги инқирозни янада кучайтиради.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Кремль Россия ва Украина ўртасидаги уруш эҳтимолини истисно қилди