14:00 / 07.08.2021
3 525

Рамзан Қодировни танқид қилган блогернинг ўлимида айбланаётган шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Фото: Pixabay
Австриянинг Корнойбург шаҳри суди чеченистонлик 48 ёшли Сарали Ахтаевни чеченистонлик видеоблогер Мамихан Умаровни ўлдиришда айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Die Presse хабарига кўра, айбланувчи ўз айбини тан олмаган ва қотиллик бошқа шахс томонидан содир этилганини даъво қилган. «Ҳақиқий жиноятчи ғойиб бўлди», — дейди Ахтаев.

43 ёшли Мамихон Умаров YouTube’даги «Венадан Анзор» каналини юритарди. У Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг ота-онасини ҳам танқид, ҳам ҳақорат қилган. Умаров 2020 йил 4 июлда Вена яқинидаги Герасдорф шаҳрида ўлдирилган. Ҳодиса блогер таниқли қурол сотувчиси Ахтаев билан учрашиб, ўз машинасини Glock 17 тўппончасига алмаштирмоқчи бўлган пайтда юз берган. Умаров олтита ўқ билан ўлдирилган; охиргиси бошига тегган. Ахтаев ўша куниёқ ҳибсга олинган, унинг пойабзалида Умаровнинг қон излари топилган.

«Мамихон Умаровнинг ўлими учун 5 миллион доллар мукофот ваъда қилинганди», — деди унинг тан соқчиси 6 август кунги суд мажлисида гувоҳлик бераркан.

«Қотиллик келишув чоғида жанжал чиққани туфайли юз берганми ёки сиёсий сабабдан содир этилганми, терговчилар буни аниқлай олмади», — дейди прокурор якуний сўзида.

Мамихон Умаров ўлдирилгандан сўнг, унинг қариндошлари гўёки жиноятни тан олиб, видеомурожаат тарқатди. «Биз уни тўхтатдик, чунки шундай қилишимиз керак эди», — дейилади мурожаатда.

Рамзан Қодиров Мамихон Умаров «Россияга қарши, хусусан, менга қарши ишлаётган махсус хизматлар қурбонига айланди», — деб даъво қилди. Кремлдагиларнинг айтишича, улар жиноят билан Чеченистон раҳбари ўртасида боғлиқлик кўрмаган.

2019 йил ноябрь ойида Рамзан Қодиров Чеченистон раҳбарияти билан учрашув чоғида ҳақорат учун интернет фойдаланувчиларидан қасос олишга чақирган. «Ғийбат, келишмовчилик билан шуғулланадиганлар одамлар ўртасидаги уйғунликни бузади, агар биз уларни ўлдириш, қамаш, қўрқитиш билан тўхтатмасак, ҳеч нарса иш бермайди», — деган Қодиров.

Кейинчалик у сўзларини том маънода қабул қилмасликни сўради. Кремль унинг баёнотини тасдиқлашдан бош тортди. Ички ишлар вазирлиги Қодировнинг сўзларида ҳеч қандай қонунбузарлик аниқламади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рамзан Қодировни танқид қилган блогернинг ўлимида айбланаётган шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди