13:31 / 18.08.2021
2 763

«Толибон» Афғонистонда ҳокимият тепасига келганидан кейин биринчи марта матбуот анжумани ўтказди

«Толибон» Афғонистонда ҳокимият тепасига келганидан кейин биринчи марта матбуот анжумани ўтказди
Забихулла Мужоҳид
Фото: AP Photo

Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган «Толибон» ҳаракати биринчи марта матбуот анжумани ўтказди. У, хусусан, инглиз тилидаги Al Jazeera сайти орқали трансляция қилинди.

«Мамлакатимиз мусулмон мамлакати бўлган ва шундай бўлиб қолади, аммо 20 йил аввалги ҳолат билан ҳозиргиси ўртасида катта фарқ бор. Биз аввалгидай иш кўрмаймиз», — деди ҳаракат матбуот котиби Забихулла Мужоҳид.

Унинг маълум қилишича, «Толибон» дунё майдонида ҳеч ким билан душманларча муносабатда бўлишни истамайди.
Унинг ишонтиришича, «Толибон» Афғонистоннинг «зиддият майдони» бўлиб қолишига йўл қўймоқчи эмас.

«20 йиллик жангдан кейин биз чет элликларни ҳайдаб чиқардик… энди бутун миллат учун ғурурланадиган пайт келди», — деди Мужоҳид. Унинг сўзларига кўра, «Толибон» ҳаракати ўтмишдаги хафагарчиликлар учун ҳеч кимдан қасос олишга интилмайди, у ҳаммани кечирган.

У «Толибон» бошқа мамлакатлар билан бевосита мулоқотларга тайёрлигини яна бир марта таъкидлаб ўтди. Мужоҳиднинг сўзларига кўра, мамлакатдаги барча элчихоналар ва ноҳукумат ташкилотлар тўлиқ хавфсизликда турибди. «Толибон», шунингдек, кимдир мамлакат ҳудудидан бошқа давлатларга қарши ҳужумлар учун таянч сифатида фойдаланишига йўл қўймаслик мажбуриятини ҳам олади.

Мужоҳиднинг ишонтиришича, мамлакатда аёллар ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, шариатга риоя қилган ҳолда уларга фаол ҳаёт тарзини олиб боришга рухсат этилади. Аёллардан танани ва юзни бутунлай ёпиб турадиган паранжи эмас, балки юзни очиқ қолдирадиган ҳижоб тақиш талаб қилинади, деди у. «Бу бизнинг қоидаларимиз эмас, балки Ислом қоидаларидир. Улар аёллар хавфсизлигини кўзлайди», — дея қўшиб қўйди у.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистонда минглаб мактаблар ишлашда давом этади.

«Толибон» вакили янги ҳукумат мамлакатнинг иқтисодий тикланишига эътибор қаратишини айтди. «Иқтисодий вазият яхшиланади. Биз бунга эришиш учун, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш учун жиддий чоралар кўрамиз», — деди у.

«Толибон» шакллантираётган Афғонистон ҳукумати мамлакатнинг аввалги ҳукуматидан яхшироқ ишлай олади, деди Мужоҳид. «Биз мамлакатни бошқарамиз, сиз эса кейин бизнинг натижаларимизни бу ердан қочиб кетганлар эришган натижа билан солиштиришингиз мумкин бўлади», — деди у.

Мужоҳиднинг аниқлик киритишича, «Толибон» янги ҳукуматни шакллантириш устида фаол иш олиб бормоқда. Аввалроқ ҳаракат бу ҳукумат инклюзив бўлишига ҳаракат қилишини айтганди.

«Бу жуда исломий ҳукумат бўлади, сизга шуни ваъда қилишим мумкин. У бизнинг қадриятларимизни ҳимоя қилиб, халққа хизмат қилади», — дея ваъда берди Мужоҳид. Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат бир неча кундан кейиноқ ўз ишини бошлайди.

«Шундан кейин мамлакатда қонун ва тартиб ҳукм суради. Бир оз сабр қилинг», — дея хулоса ясади гуруҳ вакили.

«Толибон» вакили қайд этишича, ҳаракат «жанглар ва урушни хоҳламайди, балки тинчлик ва барқарорликни истайди». Шу билан бирга, у: «Агар жанг қилиш керак бўлса, бу бизнинг қўлимиздан келади, бунга ўзингиз гувоҳ бўлдингиз», — деди.

Шунингдек, Мужоҳид Афғонистон наркотиклар ишлаб чиқаришни тўхтатишини айтди. Ҳамда мустақил ОАВлар мустақил бўлиб қолишини, бироқ улар Ислом қоидаларига риоя қилиб, миллий манфаатларга қарши ишламаслиги кераклигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 15 август куни «Толибон» Афғонистоннинг бутун ҳудудини ўз назорати остига олганини эълон қилди. Шу куни «Толибон» Кобулдаги президент саройига кирди. Кейинроқ ҳукумат кучлари тарк этган барча давлат муассасаларини ва давлат телевидениесини эгаллаб олди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани истеъфо беришга рози бўлган ва мамлакатни тарк этган. The New York Times ва Al Jazeera Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга йўл олгани ҳақида хабар берди. Аммо кейинроқ Ашраф Ғани Ўзбекистонда ҳам, Тожикистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам эмаслиги маълум қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» Афғонистонда ҳокимият тепасига келганидан кейин биринчи марта матбуот анжумани ўтказди