Сурхондарёда 3,5 минг йиллик қабристон аниқланди

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида Сополли маданиятига оид, тахминан 3,5 минг йил аввалги қабристон аниқланди. Мазкур археологик топилма милоддан аввалги 1700–1500-йилларга тегишли экани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Озод ёдгорлиги 2023 йилда Сурхондарё ҳавзасининг шарқий қисмида олиб борилган дала-қидирув ишлари давомида аниқланган. У Озод қишлоғининг жануби-шарқида, Далварзинтепадан қарийб 6 километр узоқликда жойлашган.
Тахминан 200×100 метр ҳудудни эгаллаган ёдгорликда 100 га яқин қабр борлиги аниқланган. Жорий йилнинг 15 августидан бошлаб унинг жануби-ғарбий қисмидаги 10 дан ортиқ қабрларда археологик қазишма ишлари олиб борилмоқда.
Дастлабки тадқиқотлар давомида қабрлардан топилган буюмлар ва дафн иншоотларининг тузилиши Сополли маданиятига хос экани аниқланган. Радиокарбон таҳлиллари ҳамда топилмаларнинг қиёсий ўрганилиши ёдгорликнинг милоддан аввалги 1700–1500-йилларга оидлигини кўрсатмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, Озод ёдгорлиги Сурхондарё ҳавзасидаги энг қадимги қабристонлардан бири бўлиши мумкин. Шу сабабли топилма қадимги аҳолининг дафн маросимлари ва анъаналарини ўрганишда муҳим илмий аҳамиятга эга.
Ҳозирда ёдгорлик ҳудудида археологик қазув ва тадқиқот ишлари давом эттирилмоқда.






























Изоҳлар 0
…