20:53 / 20.09.2021
2 400

Австралия француз сувости кемаларидан воз кечиш ҳақидаги қарорига изоҳ берди

Австралия француз сувости кемаларидан воз кечиш ҳақидаги қарорига изоҳ берди
Фото: Naval Group
Австралия бош вазири Скотт Моррисон мамлакатнинг Франция сувости кемаларини сотиб олиш тўғрисидаги битимни бузиш қарорини изоҳлади, деб ёзади Daily Mail.

Моррисоннинг айтишича, Англия-Америка ҳамкорлиги фойдасига 56 миллиард евролик мудофаа битимини бекор қилишдан олдинроқ ҳам Австралияда Франциядан буюртма қилинган сувости кемалари стратегик эҳтиёжларни қондирмайди, деган «чуқур ва жиддий хавотирлар» бор эди.

Ғарб давлатлари ўртасида дипломатик низо чиқариб, келишувнинг тўсатдан бузилишига изоҳ берар экан, Моррисон бу қарордан Франциянинг ҳафсаласи пир бўлганини тушунишини, аммо «Австралиянинг миллий манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканини» таъкидлади.

«Бизда ‘Ҳужум’ синфидаги сувости кемаси тақдим этадиган имкониятлар улар олдида турган стратегик вазифаларни ҳал қила олмайди деган чуқур ва жиддий хавотирлар бор эди, биз ўз стратегик миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб қарор қабул қилишимизни аниқ билдирдик», — деди Моррисон.

У, шунингдек, Австралия ҳукумати франциялик ҳамкасбларини сувости кемалари қурилиши ҳақидаги битим бўйича чалкаштиргани ҳақидаги маълумотни рад этди. Моррисоннинг сўзларига кўра, Австралия Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги ўзгарувчан вазиятни ҳисобга олган ҳолда, француз сувости кемалари Канберранинг стратегик манфаатларига хизмат қила олиши борасида хавотир билдирган.

Аввалроқ Австралия, АҚШ ва Буюк Британия янги мудофаа альянси — AUKUS’ни тузган эди. AUKUS’нинг илк йирик ташаббуси Австралияни атомли сувости флоти билан қуроллантириш бўлди. Янги ҳамкорлик фонида Австралия Франциянинг Naval Group ҳарбий кемасозлик компанияси билан тузган рекорд даражада қиммат шартномани тўхтатди.

Австралия уни 2016 йилда имзолаган, шартнома 12 та оддий сувости кемасини қуришни назарда тутган. Лойиҳага 90 миллиард Австралия доллари (66 миллиард АҚШ доллари) талаб қилиниб, бу шартнома Австралия денгиз флоти тарихидаги энг қиммати бўларди.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан шартноманинг бекор қилинишини «орқадан пичоқ уриш» деб атаган. Бекор бўлган шартнома туфайли Франция АҚШ билан бирга Чесапик денгиз жангининг 240 йиллигига бағишланган тантаналарни нишонлашдан бош тортган. Шунингдек, Франция АҚШ ва Австралиядаги элчиларини чақириб олаётгани ҳақида хабар берилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Австралия француз сувости кемаларидан воз кечиш ҳақидаги қарорига изоҳ берди