17:51 / 21.09.2021
1 331

Фуқароларига кўчиб келгани учун пул тўлайдиган мамлакатлар (фото)

Фуқароларига кўчиб келгани учун пул тўлайдиган мамлакатлар (фото)
Фото: «Woman’s Day.ru»
Бошқа бир мамлакатга кўчиб ўтиш кўпчилик учун гўёки иложсиздек туюлади. Аксарият ҳолда одамлар ҳужжатларни расмийлаштириш, турар жой сотиб олиш, катта харажат қилиш, иш қидириш ёки тил билан боғлиқ муаммо сабаб бундай муҳим қарор қилишни ортга суради. Аммо интернет орқали яхшилаб ўрганиб чиқилса, иложсиз нарсанинг ўзи йўқлигини тушуниб етиш мумкин. Айрим мамлакатларнинг хорижликларга яхши яшаш имконини, баъзиларининг эса ҳатто пул бериши таъкидланган турли дастурларни тақдим қилиши бунга яққол исбот бўла олади.

Бундай чоралар кўрилишининг сабаби нимада?
Мамлакат ва шаҳарлар турли сабабларга кўра янги, доимий фуқароларга эҳтиёж сезади. Аҳоли сонининг ортиши учун эса ҳукумат кўчиб келаётган одамларни моддий қўллаб-қувватлашни афзал билади. Қайси ўлкалар мана шундай «қучоқ очиб» кутиб олиши ҳақида эса қуйида маълумот бериб ўтамиз.

Понга, Астурия провинцияси, Испания

Фото: «Woman’s Day.ru»
Аҳоли сони атиги 800 кишини ташкил қиладиган мазкур қишлоқ янги кўчиб келувчиларни гўё қадрдонидек кутиб олади. Понгада яшаш учун келган янги оилаларга 3 минг доллар, шунингдек, кўчиб ўтгандан кейин туғилган ҳар бир бола учун яна шунча миқдорда маблағ берилади. Аммо пул тўлашининг ўзига яраша шарти бор: фуқаро Астурия провинциясида камида 5 йил яшаши керак. Аслида бу жуда осон. Бироз зерикарли эканини айтмаганда борган одам гўзал манзара ва тозаликдан баҳри-дили яйраб, у ерни тарк этгиси келмайди. Ҳукуматнинг бундай шароит яратишидан кўзланган мақсад ёшлар эътиборини жалб қилиш ҳамда иқтисодиётни жадаллаштиришдан иборат.

Хармони, Миннесота штати, АҚШ

Фото: «Woman’s Day.ru»
Голливудча яшашни орзу қилиш, албатта, яхши лекин орзулар мамлакатида қўним топиб, оёққа туришнинг ўзи бўлмайди. АҚШнинг бошқа бир шаҳри — Миннесот штатидаги Хармонида эса ҳаммаси бироз бошқача. Аҳолиси бор-йўғи 1000 кишини ташкил этган Хармонининг янги фуқароларга ҳамиша қучоғи очиқ. Янада қувонарлиси, ёшнинг, фуқароликнинг, иш жойи ва даромад миқдорининг қанча экани аҳамиятга эга эмас. Асосийси, кўчиб келиб уй солишда. Қурилиш учун 5000 доллардан 12 000 долларгача пул тўланади.

Мисима, Кагосима префектираси, Япония

Фото: «Woman’s Day.ru»
Япониянинг учта кичик оролда жойлашган Мисима қишлоғида атиги 400 киши истиқомат қилади. Аҳолининг кексалиги ва тезда камайиб бораётгани ҳисобига ҳукумат янги кўчиб келган фуқарога уч йил давомида ойига 760 доллардан маблағ тўлайди. Бундан ташқари, кўчиб ўтгандан кейин дарҳол 4,5 минг миқдорда маблағ, сигир (ҳа, адашмадингиз ўша сиз билган сигир) совға қилади ва шу билан бирга йўлга сарфланган харажатларни (840 доллар) қўшимча равишда тўлайди. Аммо ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тош тарози, деганлардек бу ерда яшаш ҳаммага ҳам эмас. Гўзал табиати, ҳавоси билан ўзига хос эканига қарамай, машғул бўлишга бирор юмушнинг йўқлиги асосий камчилиги ҳисобланади.

Локана коммунаси, Боргомеззавалле, Италия

Фото: «Woman’s Day.ru»
Италиянинг унча катта бўлмаган шаҳрида кўчиб ўтганларга 9 минг евро тўланади. Бу ҳақда мер Жованни Бруно Маттиэт маълум қилган: «Локанеда соғлом турмуш тарзи, ажойиб таомлар ва йил давомида бўлиб ўтадиган фолклор ярмаркалари сизни лол қолдиради. Янги келганларга кўчгани ва туғилган фарзанд учун уч йил муддатга 9 минг евро миқдорда субсидия берилади. Бу ерда бизнес бошламоқчи бўлганларга яна 2 минг евро тақдим қиламиз». Талаффуз қилиниши қийин, шу билан бирга номи қулоққа ваҳимали эшитиладиган Боргомеззавалледаги шароитлар эса янада қизиқроқ. Тоғ ҳудудидаги хароба уйни атиги 1 еврога харид қилишингиз мумкин, аммо бир шарти бор: турар жойни икки йил ичида таъмирлаш керак. Кўчиб келгандан кейин дунёга келган ҳар бир бола учун эса яна 1 минг доллардан берилади.

Андикитира ороли, Греция

Фото: «Woman’s Day.ru»
Фируза рангли денгизда чўмилиб, соҳилда қуёш нурида тобланиш ушалмас орзу деб ким айтди? Масалан, Грециянинг Андикитира оролида яшай бошлаганлар нафақат гўзал манзарадан баҳра олиб ҳаёт кечириши, йўқ жойдан пул билан ҳам таъминланиши мумкин. Гап шундаки, фуқарога кўчиб ўтгани учун уч йил давомида ҳар ой 500 доллар миқдорда маблағ тўланади.

Каитангата, Янги Зеландия

Фото: «Woman’s Day.ru»
Уй олиш учун бутун умр мисқоллаб пул йиғиб юрганларга Янги Зеландиянинг Отаго округи яқинидаги шаҳарга кўчиб ўтиш тавсия қилинади. Нега дейсизми, муқим яшаш учун келган фуқарога 165 минг долларлик уй, шундоқ текинга берилади.

Бу қадар шарт-шароитнинг боиси не?
«Мушук текинга офтобга чиқмаганда» шунча маблағ ва шароитнинг таклиф қилиниши бежизга эмас, албатта. Юқорида ўқиб гувоҳи бўлганингиздек, саналган шаҳар ва қишлоқларнинг аксариятида кўнгилочар марказлар, одатий қулайликлар ҳамда иш ўринлари йўқ. Айнан шу боис аҳолининг ёш қатлам вакиллари ўқиш, ишлаш ва фаол ҳаёт кечириш учун йирикроқ шаҳар ҳамда мамлакатларга кўчиб кетади. Фақат кексалар ва ёши улуғлар қолгани ҳисобига демографик ўсиш кузатилмайди. Шу сабаб ҳам ҳукуматдагилар мигрантларни пул ва турли шарт-шароитлар билан жалб қилишга уринади. Шаҳар шовқинидан чарчаган, экологик тоза табиатда сокин ҳаёт кечиришни истайдиганлар учун тилга олинган шаҳар ва қишлоқлар айни муддао саналади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Фуқароларига кўчиб келгани учун пул тўлайдиган мамлакатлар (фото)
[/banner_pushhouse