08:00 / 25.11.2021
1 643

Навальний ўзи сақланаётган колония раҳбариятини 4 марта судга берди

Навальний ўзи сақланаётган колония раҳбариятини 4 марта судга берди
Покровдаги «ИК-2» колонияси
Фото: AP Photo

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Владимир вилояти Покров шаҳридаги ўзи жазо ўтаётган 2-сонли колония раҳбариятини яна судга берди, деб ёзади Meduza.

Навальний 18 ноябрь куни судга мурожаат қилган. Суд иши материалларида даъвогарнинг вакили сифатида кўрсатилган адвокат Вадим Кобзев бу борада ҳозирча изоҳ бермаган.

Суднинг «ТАСС» агентлигига маълум қилишича, Навальний колония комиссиясининг уни «экстремистик ғояга эътиқод қилувчи, террорчилик ва экстремистик руҳдаги жиноятларни содир этишга мойил шахс» сифатида профилактик ҳисобга киритган қарорини ноқонуний деб топишни сўрамоқда.

Бу Алексей Навальнийнинг Покровдаги 2-колонияга қарши тўртинчи марта даъво қўзғатиши. Июнь ойида Владимир вилоятидаги Петушинский суди мухолифатчининг даъвосини рад этган. Ўша аризасида у қочишга мойил шахс сифатида рўйхатга олингани ноқонуний деб топилишини талаб қилганди. Октябрь ойида Навальний қочишга мойил маҳбуслар рўйхатидан ўчирилди, аммо экстремист ва террорчи сифатида рўйхатга олинди. Навальнийнинг фикрича, «бу яхши», чунки энди у камроқ текширувлардан ўтади.

«Бу яхши янгилик. ‘Экстремист’ ва ‘террорчи’ дея ҳисобга олиниш ‘қочоқ’ каби чарчатмайди. ‘1976 йилда туғилган Алексей Анатолевич Навальний ИК-2, 2-бўлинма ҳудудида ноқонуний ушлаб турилибди’ иборасини назарда тутдим. Мен бу иборани видеорегистраторга 1669 марта айтганман (шу тариқа маҳбуснинг қочиб кетмагани ҳар икки соатда текширилади). Мен бундан ўлгудай чарчаганман», — дея мухолифатчининг сўзлари келтирилган унинг Instagram саҳифасида.

Шунингдек, Алексей Навальний «ИК-2»га қарши яна иккита даъво аризаси билан чиққан, улардан бирида Навальний олган газеталаридан мақолалар қирқиб олингани, иккинчисида колония зобитлари унга Қуръон ва Инжилни беришдан бош тортгани устидан шикоят қилган. Охир-оқибат Навальний даъволардан воз кечган, чунки унга сўралган китоблар берилиб, унинг газеталаридан мақолаларни қирқиш тўхтатилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Навальний ўзи сақланаётган колония раҳбариятини 4 марта судга берди