21:23 / 12.04.2023
232

Қулупнайнинг сиз билмаган 10 та фойдали хусусияти

Қулупнайнинг сиз билмаган 10 та фойдали хусусияти

Май июнь серсув, қип-қизил тотли қулупнай пишиб етилган вақт. Унинг қанчалик мазали эканлигини ўзингиз биласиз. Биз мутахассислар ва диетологлар билан бирга унинг бошқа фойдали хусусиятларига тўхталмоқчимиз, деб ёзади Marie Claire нашри.

Қулупнай хотирани яхшилайди

Сўнгги тадқиқотларга кўра, қулупнай истеъмол қилиш миянинг қариш жараёнини секинлаштиради, яъни унинг функсионал муддатини узайтиради, бу бизга узоқ вақт давомида ақл-идрок ва кучли хотирани сақлашга имкон беради. Қизиғи шуки, ҳар куни қулупнай истеъмол қилиш қисқа муддатли хотирани яхшилашини исботловчи тадқиқот ҳам мавжуд. Сўнгги воқеаларни эслаб қолиш қобилиятининг ёмонлашиши Альцгеймер касаллигининг бошланиши билан боғлиқлигини ҳисобга олганда жуда муҳимдир.

Қулупнай кўриш қобилиятини оширади

Фото: Marie Claire

Қулупнай нафақат хотира, балки кўриш қобилияти учун ҳам фойдалидир. Кўпгина тадқиқотлар шуни тасдиқлайдики, қулупнайни ҳар куни истеъмол қилиш кўз пардаси касалликлари, катаракта, кўзларнинг қуруқлашиши, прогрессив кўрлик ва бошқа муаммоларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Резаворларнинг ноёб биокимёвий таркиби нафақат кўришнинг бузилишига олиб келадиган кўплаб касалликларнинг пайдо бўлишининг олдини олади, балки мавжуд касалликларни ҳам прогрессив даволашга ёрдам беради.

Қулупнай антиоксидантларга бой

Антиоксидантлар организмни эрта қаришдан ва жиддий касалликлардан ҳимоя қилади. Олимларнинг таъкидлашича, қулупнай таркибида кўп миқдорда фенолик бирикмалар — антиоксидант хусусиятларга эга бўлган биофлавоноидлар мавжуд. Қулупнайни ҳар куни истеъмол қилиш организмнинг турли ташқи зарарли таъсирига қарши туриш қобилиятини ошириши исботланган. Битта муҳим нюанс — меванинг ранги қанчалик тўқ қизил бўлса, шунчалик антиоксидантларга бойдир.

Қулупнай эллагик кислота манбаи ҳисобланади

Фото: Marie Claire

Эллагик кислота — ҳужайра циклининг регулятори бўлиб, у кўпинча мева, ёнғоқ ва резаворлар экстрактларида учрайди. Ушбу модда саратон ҳужайралари мутациясини тўхтата олгани туфайли анча машҳур. Эллагик кислота миқдори бўйича барча маҳсулотлар орасида қулупнай учинчи ўринни эгаллайди. Шунингдек, бу модда яллиғланишга қарши таъсирга эга, иммунитетни мустаҳкамлайди.

Қулупнайда C витамини миқдори кўп

C витамини ёки аскорбин кислотанинг асосий манбалари лимон ва апелсин эканлиги маълум. Айни пайтда қулупнай ҳам бу моддага бой мевадир. Бир ҳовуч қулупнайда битта апелсиндан кўра кўпроқ C витамини мавжуд. Шуни ёдда тутиш керакки, фақат иссиқхонада эмас, балки қуёш нури остида ўстирилган етилиб пишган қулупнайда бундай таркиб бўлади. Қизиғи шундаки, бу витамин музлатилган қулупнайда янги узилганида бўлгани каби деярли бир хил миқдорда сақланиб қолади. Аммо мураббо ва консерваланган қулупнайда юқори ҳарорат сабаб витамин йўқолади.

Қулупнай саратон касаллигининг олдини олади

Бугунги кунда саратон ва унинг олдини олиш усулларини ўрганиш учун ҳар йили юзлаб тадқиқотлар олиб борилади. Улардан баъзилари маълум озиқ-овқатларни мунтазам истеъмол қилиш саратон ривожланиш эҳтимолини камайтиришга ёрдам беришини кўрсатади. Бу рўйхатга қулупнай меваси киритилган. C витамини, эллагик кислота, антосиянин, каэмпферол ва бошқа фойдали моддаларнинг юқори концентрацияси туфайли ушбу “berry” саратоннинг айрим шаклларини ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин. Қулупнайнинг бу хусусиятини тасдиқловчи сўнгги тадқиқотлар орасида Огайо университети саратон тадқиқот марказининг хулосаси бор.

Қулупнай қоматга ижобий таъсир қилади

Фото: Marie Claire

Биринчидан, ширин қулупнай паст калория ҳисобланади. 100 граммда атиги 33 килокалория бор. Иккинчидан, у паст глисемик индексга эга, яъни у ёғларнинг организмда тўпланиб қолишини олдини олади. Учинчидан, унинг таркибида ёғни эритувчи моддалар мавжуд. Баъзи маълумотларга кўра, танланган диетанинг самарадорлиги унга кунлик қулупнай истеъмолини киритганларда 24 фоизга ошади. Қулупнай таркибида кўп бўлган антосиянин бу вазифани бажаради.

Қулупнай қонда қанд миқдорини нормаллаштиради

Қулупнай қандли диабетга чалинганлар ейиши мумкин бўлган ширин мевалардан биридир. Ҳар томонлама ноёб таркиби, шунингдек, юқори даражадаги фитонутриэнтлар туфайли у қондаги қанд миқдорининг кескин ошишига ҳисса қўшмайди. Бундан ташқари, унинг сўрилишини секинлаштиради. Шу сабабли диабет ривожланиш хавфи юқори бўлган одамлар учун ҳам тавсия этилади.

Қулупнай юракка фойда

Фото: Marie Claire

Ушбу меванинг кўплаб юрак-қон томир касалликларининг пайдо бўлиш ва ривожланиш хавфини камайтириши исботланган. Юқорида баён этилганидек, қулупнай турли хил витаминлар ва антиоксидантларга бой. Пишган резаворларда магний ва калий ҳам учрайди. Иккаласи қон босимини нормаллаштиришда, шунингдек, суюқликнинг турғунлигидан ҳосил бўладиган шишнинг олдини олади.

Аллергияга мойил инсонларга қулупнай тавсия этилади

Ажабланарлиси шуки, бундай баҳсли мева ҳар хил турдаги аллергия билан оғриган одамлар учун тавсия этилганидир. Йиллар мобайнида шу каби муаммоларга дуч келганлар етилиб пишган, хушбўй, хуштаъм мевадан узоқроқ туриши керакми? Йўқ, ноёб биокимёвий таркиби туфайли қулупнай яллиғланишни ва аллергия билан боғлиқ айрим биокимёвий реакцияларни бостиради.

Бундан ташқари, қулупнай бўлғуси оналарга ҳам тавсия этилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, агар аёл ҳомиладорлик пайтида қулупнай истеъмол қилса, болада қулупнайга нисбатан аллергия ривожланиш хавфи минимал бўлади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қулупнайнинг сиз билмаган 10 та фойдали хусусияти