
Мамлакатимизда олма энг машҳур мевалардан бири ҳисобланади. Баҳор ва ёз ойларида янги узилган олмалар бозорларда кўплаб учраса, куз-қишда эса улар узоқ муддат сақланиб, ҳар доим қўл остимизда бўлади. Аммо халқ орасида машҳур бўлган "Ҳар куни бир дона олма есангиз, шифокор сизга керак бўлмайди" деган ибора қанчалик ҳақиқатга яқин?
Олманинг соғлиқ учун фойдаси, аввало, унинг таркибидаги табиий бирикмалар билан боғлиқ. Олимлар олмада қуйидаги моддаларнинг борлигини аниқлаган:
- Флавоноидлар – юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтиришга ёрдам берувчи антиоксидантлар.
- Антосиянинлар – олманинг қизил пўстлоғида учрайдиган модда бўлиб, юрак саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.
- Пектин – ошқозон-ичак фаолиятини яхшиловчи, "ёмон" холестеринни камайтирувчи толали модда.
- Флоридзин – кам учрайдиган полифенол бўлиб, қондаги шакар миқдорини тартибга солишда ёрдам беради.
Бу бирикмалар биргаликда қандли диабет, юрак хасталиклари, ҳатто баъзи саратон турларига қарши ҳимоя қилиши мумкинлиги ҳақида илмий тадқиқотлар мавжуд.
2017-йилда ўтказилган тадқиқотлар таҳлилига кўра, доимий равишда олма истеъмол қилган одамларда 2-тип диабетга чалиниш хавфи 18 фоизга камайгани аниқланган. Яна бир 2022-йилги кенгроқ таҳлилга кўра, бир ҳафтадан ортиқ вақт давомида олма ёки олма маҳсулотларини (масалан, шарбат ёки пюре) истеъмол қилган инсонларда холестерин даражаси пасайган.
Шунингдек, 2020-йилда юритилган кичикроқ бир тажрибада иштирокчилар кунига 2 дона олма еганларида, уларнинг қонидаги зарарли ёғлар миқдори камайгани аниқланган.
Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, олманинг ўзи барча дардга даво бўла олмайди. АҚШда ўтказилган 9 мингга яқин одам иштирокидаги тадқиқотда, олма истеъмол қилувчилар шифокорга камроқ мурожаат қилгани кўрилган бўлса-да, бу натижа одамларнинг бошқа одатлари (масалан, кам тамаки чекиш, юқорироқ таълим даражаси) билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги аниқланган.
Бироқ, тадқиқотчилар яна бир муҳим фактни кўрсатиб ўтишди: ҳар куни олма еган одамлар бошқа одамларга қараганда дори воситаларидан камроқ фойдаланишади. Бу эса олманинг сурункали касалликлар хавфини камайтиришга ёрдам бериши мумкинлигини англатади.
Олмани пўстлоғи билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади. Чунки фойдали полифенолларнинг катта қисми айнан пўстлоқда жамланган. Шунингдек, янги, пишган олма таркибидаги толалар ва антиоксидантлар максимал даражада сақланади. Шакар миқдори кам бўлган табиий олма шарбатлари ёки пюре ҳам фойдали бўлиши мумкин, бироқ уларнинг таркибида толалар камроқ бўлади.
Аммо шуни унутманг: соғлом турмуш тарзи фақат битта мева билан эмас, турли хил сабзавотлар ва меваларни мунтазам истеъмол қилиш, жисмоний фаоллик, ва зарарли одатларни тарк этиш билан амалга ошади.
Шундай экан, ҳар куни бир дона олма – кичик, лекин катта фойда келтирувчи одат бўлиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар