Тугалланмаган ишлар мияни чарчатади: руҳий зўриқишни камайтиришнинг 5 усули

Иш куни тугаганидан кейин ҳам хаёлингиз ишдаги вазифалардан узилмаяптими? Тугалланмаган топшириқлар, жавобсиз хатлар ва бажарилиши керак бўлган режалар мияни банд қилиб, стрессни кучайтириши мумкин. Психологияда бу ҳолат Зейгарник эффекти деб аталади.
1927 йилда россиялик психолог Блюма Зейгарник тугалланмаган вазифалар инсон хотирасида узоқроқ сақланишини аниқлаган. Яъни одам якунига етмаган иш ҳақида қайта-қайта ўйлаши, уни тугатишга интилиши мумкин. Тадқиқотлар бундай ҳолат иш билан боғлиқ хавотирни кучайтириши ва уйқуга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатади.
Мутахассислар ишдаги вазифалар ҳали тугамаган бўлса ҳам, мияга дам бериш ва руҳий зўриқишни камайтириш учун бир нечта оддий усулни тавсия қилади.
1. Вазифаларни режалаштиринг
Барча ишни бир кунда тугатишга уриниш шарт эмас. Муҳими, қайси вазифани қачон бажаришингизни аниқ белгилаш. Кун бошида устувор ишларни ёзиб чиқиш ва уларга вақт ажратиш назорат ҳиссини кучайтиради.
Тугалланмаган вазифаларни рўйхатга киритиб қўйиш ҳам фойдали. Шунда миянгиз уларни унутиб қўйишдан хавотирланмайди.
2. Ишдан ташқари вақтда билдиришномаларни ўчиринг
Иш вақтидан кейин электрон почта ва хизмат ёзишмаларини мунтазам текшириш ишдаги муаммоларнинг шахсий ҳаётга кўчишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис ишга оид хабарларни фақат белгиланган вақтда кўриш, дам олиш пайтида эса билдиришномаларни ўчириб қўйиш тавсия этилади.
3. Бир вақтнинг ўзида кўп иш бошламанг
Бир вазифадан бошқасига тез-тез ўтиш диққатни жамлашни қийинлаштиради. Бу эса мияга тушадиган ахборот юкини оширади.
Имкон қадар бир ишни якунлаб, кейингиcига ўтиш фойдали. Агар вазифани тугатишнинг иложи бўлмаса, уни қаерда тўхтатганингиз ва кейинги қадам нима эканини ёзиб қўйинг.

4. Таътил олдидан ишларни тартибга солинг
Дам олиш ёки таътил бошланишидан олдин барча вазифаларни тугатиш шарт эмас. Бироқ қайтгач, ишни қаердан давом эттиришни билиш муҳим.
Бунинг учун бажарилмаган ишлар рўйхатини тузиш, муҳим ҳужжатларни тартибга келтириш ва кейинги қадамларни белгилаб қўйиш мумкин. Бу таътил давомида иш ҳақида ортиқча ўйлашни камайтиради.
5. Иш ва дам олиш ўртасида одат яратинг
Иш куни тугаганини мияга англатиш учун кичик одатларни шакллантириш мумкин. Масалан, ноутбукни йиғиштириш, бошқа хонага ўтиш ёки сайрга чиқиш иш муҳитидан руҳий жиҳатдан узоқлашишга ёрдам беради.
Психологлар бундай ҳаракатларни ўтиш маросимлари деб атайди. Улар иш ва шахсий ҳаёт ўртасида аниқ чегара яратишга хизмат қилади.
Тугалланмаган вазифалар ҳақида ўйлаш табиий ҳолат. Бироқ уларни режалаштириш, иш вақтига чегара қўйиш ва дам олиш учун алоҳида вақт ажратиш руҳий зўриқишни камайтириши мумкин. Муҳими, барча ишни бирданига тугатишга эмас, уларни изчил ва тартибли бажаришга интилишдир.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…