date

Қуёш тизимидаги сирли “қоронғи кометалар”: Ерга тўқнашиш хавфи

Қуёш тизимидаги сирли “қоронғи кометалар”: Ерга тўқнашиш хавфи
Олимлар Қуёш тизимида ноодатий жисмларни – “қоронғи кометалар”ни ўрганмоқда. Улар на оддий астероид, на классик комета бўлиб, иккисининг ўзига хос аралашмасидир. Мутахассислар уларнинг келиб чиқиши ва хатти-ҳаракатини тушунишга ҳаракат қилмоқда. Бу жисмлар қадимда Ерга сув етиб келишида муҳим рол ўйнаган бўлиши мумкин, бироқ улар кутилмаган хавф манбаи ҳам бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Биринчи бундай объект 2016-йилда аниқланган. У комета каби ҳаракат қилган, аммо муз ёки чангга эга бўлмаган. Кейинги йилларда ўхшаш хусусиятга эга бир нечта объектлар топилди. 2024-йил охирига келиб, маълум қоронғи кометалар сони 14 тага етди. Уларнинг баъзилари кичик, баъзилари эса юзлаб метр ўлчамда.

Олимлар тахминига кўра, қоронғи кометалар астероидлар ичида яширин муз қатламларининг очилиши натижасида юзага келган бўлиши мумкин. Уларнинг кутилмаган тезланиши музнинг Қуёш нури таъсирида буғланиши билан изоҳланади, бироқ ҳали аниқ далиллар йўқ. Бу жисмлар астероид ва кометалар ўртасидаги фарқни қайта кўриб чиқишга ундамоқда.

Япониянинг Ҳаябуса2 зонди тасодифан шундай жисмлардан бири – 1998 КЙ26 томон йўл олмоқда. 30 метрли бу объектга 2031-йилда етиб борилади. Миссия давомида унинг юзаси, ички тузилиши ва муз қатламлари бор-йўқлиги текширилади. Бу тадқиқот қоронғи кометалар ҳақидаги энг муҳим маълумотларни бериши кутилмоқда.

Ҳозирча бундай жисмлар кам учрайди, аммо уларнинг орбитадаги кутилмаган ўзгаришлари келажакда Ерга тўқнашиш хавфини ошириши мумкин. Шу боис астрономлар уларни мунтазам кузатиш ва аниқ аниқлаш усулларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлашмоқда. Яқин йилларда янги кузатувлар бу сирли жисмларнинг асл моҳиятини очишга ёрдам беради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Қуёш тизимидаги сирли “қоронғи кометалар”: Ерга тўқнашиш хавфи