10:27 / 30.08.2018
3 717

Блогер минбари: Маънавиятли халқни тарбиялаш билан давлат шуғулланмасин

Блогер минбари: Маънавиятли халқни тарбиялаш билан давлат шуғулланмасин
Маънавият шахсий масала. Маънавиятсизликни, агар у қонунни бузмаса, давлат институтлари, мулозимлари маломат қилиши, жазолаши мумкин эмас. Агар бу маънавиятсизлик жамият тоқат қила олмайдиган даражада бўлса, умуминсоний ахлоқ ва морал нормаларига зид бўлса, унда бундай маънавиятсизликка қонун йўли билан чеклов қўйиш керак, тамом. Худди порнография ёки 18+ материаллари ёшларга тақиқланганидек.

Бундан бошқа ҳар қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизликка давлат ва давлатдан маблағ олувчи муассасалар бурун тиқмаслиги керак. Шахсий фикрга эга бўлиш ва шахсий даражада бирор ишга нисбатан салбий ёки ижобий фикр билдириш бошқа нарса. Давлат расмийси ҳам шахсий фикрига эга бўлади, қайсидир ишни яхши ва ёмон дейиши мумкин, лекин давлат бериб қўйган ваколатидан фойдаланиб, уни бошқаларга ўтказишга уриниши мумкин эмас. Бундай иш билан нодавлат муассасалар, шахсий фуқаролар шуғулланиши керак. Нодавлат ташкилотлар исталган ақидани, маънавият ва мафкурани тарғиб қилаверсин (Албатта, қонунга зид бўлмаган мафкураларни). Давлат уларнинг эркин ишлашига шароит яратиб бериши керак ва барчасини ажратмасдан бирдек кўриши керак. Маънавиятли халқни тарбиялашни уларга қўйиб беринг, бу иш билан давлат шуғулланмасин. Ҳеч бир мафкура давлат мафкураси даражасида кўрилмаслиги Конституцияда белгилаб қўйилган, ахир.

Солиқ тўловчиларнинг пули эвазига кун кўрувчи марказлар маънавият билан шуғулланиши кулгили.

Ёшларни асраб қолишнинг ягона йўли - уларни бекор қолдирмаслик, вақтини беҳуда сарфлашига имкон яратмаслик. Дарсдан ташқари ўқув машғулотлари, ҳунар ўргатадиган марказлар, кутубхоналар, спорт заллари, тўгараклари очилсин. Ишончим комил, қишлоқларда, шаҳарларда бепул шундай тўгараклар ва спорт заллари бўлса, 99 фоиз ёш йигит-қизлар жон деб қўшилади. Шунда уларда интернетда бекорчи вақт ўтказишга ҳам, турли бузуқликларга ҳам вақти бўлмайди. Ақлан ва жисмонан бақувват инсоннинг маънавияти ҳам юқори бўлади.

Маънавият марказлари, Ёшлар Иттифоқи ресурсларини шунақа ишларга сарфласин. Маънавият ҳақида конференциялар, тадбирлар, шеърхонлик кечалари, конкурслари ўтказишдан фойда йўқ, ўртоқлар.
Беҳзод Мамадиев

Манба: Sof.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Блогер минбари: Маънавиятли халқни тарбиялаш билан давлат шуғулланмасин