Акам ўтгач, ишларим юришмай қолди. Ҳам ота, ҳам она бўлиб бизни тарбиялагандилар. Ўзлари ҳазил аралаш айтганларидек, бизни «туғмаган ва эмизмаган»лар холос!
Дадам ўтган тўқсонинчи йилдаёқ акажоним «беш болали йигитча»га айланиб қолганди. Айни навқирон 21 ёшида, айни ҳаёт лаззатидан завқланадиган пайтида...
Уйланди, аммо хотини икки ойдаёқ кетиб қолди (Беш нафар укасини уйлаб-жойлашга тоқатим борми?!)
Тўрт йил мени уйлан, деб қистадилар, кўнмадим.
Аввал Сиз ўзингиздан тининг, дедим.
Мени навбатим кечди, дедилар...
Сиз биринчисиз барибир, дедим!
Укаларимга яхши қарасин, деб жувонга уйланди – ўзини ўйламади!
Олти йил қаттиқ ишлади ва ...давосиз дард илаштириб олди.
Бу пайтга келиб мен Тошкентда савдо билан шуғулланар ва кўп пул топардим.
Роса ўн икки йил даволатдим. Энди ўзига кела бошлаган, дардлар кетаёзганди.
Аммо ажалга даво, тақдирга тадбир йўқ экан.
Рамазон ойида кенжа укам ва менинг оиламни зиёрат қилгани келиб, ифторликка қолмай шошилинч қайтган, довонда кўзлари илиниб авто ҳалокатга учрадилар...
Хуллас, акам қўлимдаги кузор экан – билмабман. Унга қарашганим учун Аллоҳим омад отига миндириб қўйган экан.
Зеро ҳадиси шарифда Сизларга заифларингиз туфайли мўл-мўл ризқ келади, дейилган.
Авваллари «лойдан ҳуштак ясаб» пул топардим. Қанақа ишга қўл урмай, осон ва катта даромад келаверарди.
Энди эса...
Қайси бизнеснинг бошини тутмай энг охирги нуқтада «қўл тормози» тортилиб қолаверди.
Энг сўнгги паллада...
Афғонга юбораётган тўрт вагон юким Ҳайратон кўпригига етганда... ўша товарнинг экспорти тақиқландию! (Додингни кимга айтасан?!)
Қозоққа қурилиш моллари юборадиган бўлиб, ҳужжат ва бошқа «ҳаражат»ларга катта пул сарфладим, аммо кутилмаганда қозоқ ҳамкорим...вафот этди.
Савдодаги ўрнимни қўл остимдаги шогирдим, қайним «эгаллаб олди»! Тўрт йил ичида мендай серхаражат одамга қанча пул керак, тахмин қиларсиз балки. Қарзларим юз мингдан ошди. Бундай қарз бўлиш учун ё ўта фирибгар бўлиш керак ё ўта ишончли!
Аммо эҳсонимни қўймадим, ёрдам сўраганларга бошқалардан олиб бўлса-да қарзи ҳасана бердим. Чунки Аллоҳ каломида... “Мўминлар кенгчиликда ҳам, тангчиликда ҳам садақа қилурлар”, деган.
Рўзғордан қисмадим, ини-сингилларимни беэътибор қолдирмадим. Телефон рақамимни ўзгартирмадим, ҳар қандай қўнғироққа жавоб бердим. Ҳақдорлардан доим гўзал одоб билан узримни ва суҳбат охирида ҳаққимга дуо қилишларини сўрадим.
Бир кеча таҳажжуд намозини тугатиб, Аллоҳга нола қилдим, шундай йиғлаб ёлвордимки, зўриқиш кучидан бурнимдан қон келди!
Эрталаб кутилган қўнғироқ жиринглаб, йўллар очилганини айтишди. Субҳаналлоҳ!
Тўрт йил кутган ишим атиги тўрт соатда юришди.
Уч ойда уч юз минг даромад кўрдим. Аввало қарзларимни ўтадим, ҳатто бир акахоннинг кечиб юборган қарзиниям обориб бердим.
Ҳозир ишлаб чиқаришларим гуриллаб турибди, алҳамдулиллаҳ.
Шунча машаққатда кучни қаердан олдим? Шубҳасиз китоблардан!
Ҳадиси шарифларни, Амир Темур ҳақидаги деярли барча асарларни, «Темур тузуклари»ни такрор такрор мутолаа қилдим.
Соҳибқирон бир қалъани ишғол қилолмай ноумид бўлиб сояда ўтирса, бир чумоли силлиқ тошга чиқишга роса ҳаракат қилибди, сирғалиб кетаверибди, охири ўттиз ё қирқинчи уринишда тошга чиқибди.
Бу ҳолдан амир жудаям мутассир бўлиб, ўзига хулоса олибди ва астойдил уриниб кентни эгаллаб олибди. Мен ҳам бобомиздай воқеадан таъсирландим, руҳиятим яхшиланди! Ишларимга шаҳдам киришдим ва...зафарга етишдим.
Амир Темур авлиё зот бўлган эканлар. Ҳаётлари ибрат, гаплари эса ҳикмат шубҳасиз! Менга мана бу гаплари роса ёқади: «Омад мардларга кулиб боради!»
Алҳамдулиллаҳ, ишларим юришса, нима қиламан, деб диллаган бўлсам, барчасини бажардим. Яъни Аллоҳни алдамадим.
Қишлоққа ичимлик суви тортиб бердим, бир зиёратгоҳга хожатхона қурдирдим, камхарж опамга замонавий уй солдирдим, укамга уй олишига тузуккина пул қўшдим, зориққанларга сўраган миқдорида қарзи ҳасана бердим. (Парвардигор ажрини зиёда қилиб берсин, илоҳим!)
Шунча қийналсам ҳам паст кетмадим, ялтоқланмадим, ичкилик ё бошқа иллатларга берилмадим. Ичимда комил ишонч билан Аллоҳдан ёрдам сўрадим – муродга етдим!
Англаганим шу бўлдики, Яратганга ялиниш керак экан. Йиғлаб-ёлвориш керак экан! Бошни сажжодага уриш керак экан! Шунда бошқалар ёнида эгилмас, синмас экансиз!
Парвардигори олам роҳи ростдан адаштирмасин!
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади