23:43 / 07.04.2020
3 300

Болада масъулият ҳиссини қандай тарбиялаш мумкин? Психолог тавсиялари

Болада масъулият ҳиссини қандай тарбиялаш мумкин? Психолог тавсиялари
Фото: Myday.uz
Карантин даври – ота-оналар учун фарзандларига янада яқинроқ бўлиш ва самимий муносабатларни мустаҳкамлаш учун яхши имконият. Kun.uz мухбири шу мавзуда психолог Гулсанам Ибрагимова билан суҳбатда бўлди.

Ҳозирги вақтда ота-оналар олдида турган асосий вазифалардан бири – фарзандларининг таътил вақтидаги фаолиятларини самарали ва сермазмун ўтказишдан иборат, дейди Тошкент давлат педагогика университети Педагогика ва психология факультети декани Гулсанам Ибрагимова.
Ёш даврлар психологияси нуқтайи назаридан келиб чиқилса, бола шахсида ўйин ва ўқиш фаолиятлари параллел намоён бўлади. Шунинг учун болалар мураккаб топшириқларга тўла вазифалардан кўра, ўйин фаолиятини афзал кўради.

Ибрагимовага кўра, бу ҳолат ота-оналарга фарзанди билан шуғулланиши учун қийинчиликлар туғдириши табиий.
Бунинг учун ота-оналаримиз қуйидаги тавсияларга амал қилиши ўринли, дейди у.

Болангизга ҳаракатларининг ижобий ва салбий оқибатларини тушунтириб боринг
Буни ўз ҳаётингиздан мисоллар келтириш орқали тушунтиринг. Яъни яхши жойда ишлашингиз, етарлича моддий маблағ топишингиз, фарзандларингизга имкониятлар яратиб бера олишингиз... Буларнинг барчасини ёшлигингизда интилувчан бўлганингиз билан боғлаб тушунтиришга ҳаракат қилинг.
Имкон даражасида сиз намуна келтирадиган инсонлар фарзандингиз учун таниш бўлгани маъқул.

Қоидаларга нега амал қилиш керак? Бу ҳақда батафсил маълумот беринг
Бу ўз-ўзидан болаларда жавобгарлик ҳиссини ўргатиш учун асосдир. Фарзандингиз барча қоидаларга амал қилиши учун уларга кутилаётган якуний натижани тасвирлаб беришга ҳаракат қилинг.
Эътиборли бўлинг, агар фарзандингизга қоидаларни ҳозирдан ўргатмасангиз, кейинчалик ўргатиш қийин бўлади.

Фарзандингиз масъулиятли вазифаларни бажаришига имконият беринг
Фарзандингизга уйда бажариладиган ишлар рўйхатини тақдим қилинг. Улар ичидан бажара оладиган вазифаларини танлаб олишига имкон беринг. Шундай қилиб, у ўзи учун жавобгарликни танлаш билан бирга уларни қандай қилиб тўғри бажариш ҳақида ўйлайди.

Бу – фарзандингизда масъулиятни ҳис қилиш ва ўзига нисбатан ҳурмати ошишига олиб келади.

Фарзандингизга унинг ёшига мос вазифалар беринг
Ота-она сифатида эсингизда бўлсин, фарзандингизга бераётган топшириқларингиз унинг ёшига мос бўлиши керак. Ҳар қандай топшириқни беришдан олдин ўзингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг.

Фарзандингизни имкониятларига тўғри келмайдиган топшириқларни бериш орқали жазолашга уринманг. Бунинг натижасида болада ўзига ишончсизлик ҳисси пайдо бўлиши мумкин.

Фарзандингизга масъулиятли бўлиши учун керакли воситалар билан таъминланг
Фарзандингиз ўзини ўзи тарбиялаши учун зарур воситалар билан таъминлаш орқали жавобгарликни зиммасига олишга ўргатинг.

Масалан, ўз вақтида уйғонишини истасангиз, уйғоткич-соат олиб беринг. Ҳар ҳафта мактаб ва уй вазифаларига саналарни ёзиб бериб, натижасини назорат қилинг. Бу ҳам фарзандингизни мактабда яхши ўқишига ундаши билан бирга келажакка масъулиятли қарашига олиб келади.

Биз ота-оналар доимо фарзандимизда масъулиятлилик ҳиссини тарбиялаш ўз қўлимизда эканини ёдимизда тутишимиз керак. Шу билан бирга, аввало ўзимиз масъулиятли инсон сифатида ўрнак кўрсатишимиз талаб этилади.
Келгусида психологнинг ота-оналар учун фарзандлар билан самимий муносабат ўрнатиш қоидалари борасидаги тавсиялари тақдим этилади.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Болада масъулият ҳиссини қандай тарбиялаш мумкин? Психолог тавсиялари