17:30 / 13.12.2020
3 343

Лидерлар кунни қандай бошлаши ҳақида

Лидерлар кунни қандай бошлаши ҳақида
Фото: Getty Images
Тонгги одатлар кун давомидаги самарадорликка таъсир кўрсатади. Муваффақиятли инсонлар ҳақида гап кетганда улар қатъий кун тартибига риоя қилиши, кунни яхши ўтказиш учун муайян одатларга амал қилиши таъкидланади. Хўш, булар қандай одатлар?

Қуйида ўз соҳасида муваффақиятга эришган етти нафар тадбиркорнинг самарали бўлиш учун кунни қандай бошлаш, қайси одатлардан воз кечиш кераклиги ҳақидаги тавсиялари келтирилган.

Зангсоатни «яна беш дақиқа»га суриб қўйманг
Тонгда «тўйиб ухлаб олишга уриниш» ва зангсоатни «яна беш дақиқа ухлаб олай» деган баҳона билан суриб қўйиш – муваффақиятли бизнес лидерлар ҳеч қачон қилмайдиган одат.

«Муваффақиятли одамлар орасида зангсоатни суриб қўювчиларни учратмайсиз. Бу ўзингизга берилган ваъдани – муайян соатда уйғонишга қилинган аҳдни бузиш демак. Муваффақиятли инсонлар эса ваъдани, айниқса, ўзига берилган ваъдани бажариш самарадорликнинг асосий омили эканини билишади», – дейди Birdsong таъсисчиси ва бош директори Моника Снайдер.

Уйғонган заҳоти телефон титкилашни бас қилинг
«Кунни яхши бошлаш ва кераксиз нарсаларга чалғиш ўртасидаги фарқ фикр тиниқлиги, диққатни жамлаш ва режалаштиришдадир. Уйқудан уйғонгач қилинадиган энг зарарли одатлардан бири бу – қўлга телефонни олиш, электрон почтани, ижтимоий тармоқларни, янгиликларни текширишдир», – дейди Common Giant асосчиси Филип Окли.

Бунақа ишларнинг барчаси ўз белгиланган вақтида қилиниши керак.

Кунни режасиз бошламанг
«Кун давомида қилинадиган ишлар режасини тузиш тадбиркорлар учун муҳим одат», деб ҳисоблайди GTIF Capital ҳамкори Дэвид Чен.
Ишларни режалаштириш ижобий энергияни сақлаб қолишга ва стрессга тушмасликка ёрдам беради, вақтни тартибга солади.

«Янги иш кунида қандай вазифалар борлигини аниқ билиш муҳим. Режали кун режасиз кундан кўра анча самаралироқдир», дейди Чен.

Жисмоний фаоллик
MonsterInsights ҳаммуассиси Крис Кристофф мунтазам эрталабки жисмоний машқлар нафақат жисмоний ва руҳий ҳолатни яхши сақлаш, балки ишда самарали бўлишга ҳам йўл очишини таъкидлайди.

«Жисмоний машқлар ва жисмоний саломатлик қатъий интизом ва режани талаб қилади. Машқлар орқали ўз соғлигини яхшилашга сарфланган интилиш касбий фаолиятда ҳам интизомли бўлишга ёрдам беради», – дейди Кристофф.

Телефон қўнғироқлари
Be Inspired PR асосчиси ва бош директори Лейла Льюис эрталаб телефон қўнғироқларидан тийилишини айтади.
«Кунни қўнғироқлардан бошлаш ўрнига сермаҳсул инсонлар вақтни режалаштириш билан шуғулланадилар», дейди у.

Ўзгаларнинг ишларига чалғиш
«Ўз устувор вазифаларингиз ўрнига ўзгаларники билан банд бўлсангиз, ҳеч қачон мақсадга эриша олмайсиз», деб ҳисоблайди Designli раҳбари Кейт Шилдс.

Муваффақият эгалари қаерга қараб кетишаётгани ва диққатни нимага қаратиш кераклигини билишади. Улар кун аввалидаги қимматбаҳо вақтларини электрон почтани очиш, бошқаларнинг юмушлар рўйхати устида ишлашга сарфлашмайди.

Ўтмишга боғланиб қолиш
Virtus Flow асосчиси Риккардо Конте аввалги хатолар ва қарорларга боғланиб қолмаслик муҳимлигини таъкидлайди.
«Ҳар бир тонг бу – илгари уриниб кўрилмаган ишларни қилиш ва янги муваффақиятларга эришиш учун янги кун демак.
Уйғонган заҳоти ишхонада қолган чала юмушлар ҳақида ўйлай бошласангиз, янги вазифаларга диққат қарата олмайсиз.

Безовталик уйқуга таъсир кўрсатади. Мияни ортиқча ўйлардан халос қилинг, уйғонгач эса ортга эмас, фақат олдинга қараб ҳаракатланинг
», деб маслаҳат беради Риккардо.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Лидерлар кунни қандай бошлаши ҳақида