17:57 / 06.08.2021
3 204

Сочлар ўсиши учун нима қилиш керак? Оддий, аммо самарадор бўлган 16 тавсия


Фото: Getty Images
Сочларнинг узун ва жилокор бўлиши, асосан, генга боғлиқ бўлади. Аммо яхши парвариш ва доимий равишда ниқоблардан фойдаланиш ҳам кўнгилдагидек натижага эришишга ёрдам бериши мумкин.

Сочингизни ҳар куни ювманг
Шампунь нафақат сочдаги кирларни, тери ва сочларни ҳимоя қилиб, намлантириб турадиган ёғ қатламини ҳам ювиб юборади. Шунинг ҳисобига сочлар аввалгидек жилокор бўлмайди, ташқи омилларга таъсирчан бўлиб қолади. Шу сабаб ҳам мутахассислар ювиш орасидаги муддатни аста-секин узоқлаштириб боришни тавсия қилади. Ҳафта давомида 2-3 марта ювиш энг яхши вариант.

Таркибида сулфат бўлмаган шампундан фойдаланинг
Шампунь таркибида SLS (Sodium Lauryl Sulfate) ва SLES (Sodium Laureth Sulfate) бўлмаслигига эътибор қаратинг. Сулфатсиз шампунь яхши кўпирмагани билан табиий компонентларни ўз ичига олгани учун бош терисидаги ёғ қатлами буткул ювилиб кетмайди. Қандай шампундан фойдаланган тақдирингизда ҳам уни соч илдизининг ўзигагина суртинг. Қолган узунлик учун эса сув билан қўшилиб оққан қисмининг ўзи кифоя қилади.

Иссиқ сувда ювманг
Совуқроқ сувда ювилганда сочлар жилокор ва соғлом кўринади. Қолаверса, кондиционер ёки бальзамдан фойдаланишни унутманг. Улар сочларнинг чиройли кўринишига ҳисса қўшибгина қолмай, фойдали компонентлар: ёғ, оқсил ва минераллар билан ҳам таъминлайди.

Соч учун ниқоблардан фойдаланинг
Соч учун ниқоблардан мунтазам равишда, мисол учун, ҳафта давомида бир неча марта фойдаланиб кўринг. Агар толаларнинг учи қуруқ ва дағал бўлиб қолган бўлса, унда тиклайдиган курс ўтказиш ва ниқоблардан тез-тез фойдаланиш керак.

Дўкондаги ниқобни қандай танлаш мумкин?
Ўрамида намлантирувчи, озиқлантирувчи ва тикловчи деб ёзилган ниқобларни харид қилинг. Жилокор кўрсатади, ялтиратади, деган ёзувларга учманг. Табиий компонентлар бисёр бўлишига эътибор қаратинг. Шу билан бирга, таркибидагиларнинг ёзилиш кетма-кетлиги ҳам ўта муҳим: масалан, ёғнинг борлиги рўйхатнинг охирида ёзилган бўлса, демак ниқобда ёғ миқдори жуда ҳам кам бўлади. Ниқобни аввало сочнинг учига суртинг ва кейин аста-секинлик билан узунлиги бўйлаб, илдизидан 10 см қолдириб тарқатинг. Косметик дўкондан харид қилинган ниқобни одатда 30 дақиқа тутиш керак. Шу сабаб қўлланма билан танишиб чиқинг ва ювиб ташлашга шошилманг. Соч толалари фойдали компонентлар билан тўйиниши учун имкон беринг.

Уй шароитида ниқоб тайёрлаш
Табиий ва синалган ниқоблардан фойдаланиш жуда ҳам фойдали. Масалан, сочларни силлиқ кўрсатиш учун қатиқли ниқобдан фойдаланинг. 1 стакан қатиқни соч бўйлаб суртинг ва устидан махсус қалпоқ кийинг. 30-40 дақиқадан кейин илиқ сувнинг ўзида кейин эса шампунь билан ювиб ташланг. Асалли ниқоб ҳам синалган усуллардан бири ҳисобланади. Тухум сариғига 1 қошиқ асал ва бир неча томчи лимон шарбати қўшинг. Тоза сочга суртинг ва бир соатдан кейин ювиб ташланг.

Соч учун ёғлардан фойдаланинг
Аллақачон қанчалик фойдали экани тан олинган ёғлар нам ёки турмаклангандан кейинги қуруқ сочларга суртилади. Сочларни озиқлантиради, мустаҳкам ва соғлом кўрсатади. Аммо харид давомида эътиборли бўлинг, қўлланмадан фойдаланиб, таркибида табиий компонентлар бисёр бўлган вариантларга эътибор қаратинг. Гап шундаки, уларнинг баъзиларида табиий ёғ бўлмаслиги, сочни бир муддатгагина жилокор кўрсатиши мумкин, холос. Бодом, чакамуғ, узум ёки шафтоли данагидан олинган ёғлар, шунингдек, кокос ёғи яхши озиқлантиради ва сочларнинг тикланишига ёрдам беради.

Соч ўсишини жадаллаштирадиган воситалардан эҳтиёт бўлиб фойдаланинг
Самара бергани билан, стилистлар бундай тез натижа берадиган воситаларни харид қилишга ошиқмасликни тавсия қилади. Бунинг ўрнига сочларни ўстиришга ёрдам берадиган уй шароитида тайёрланадиган табиий ниқоблардан фойдаланинг. Бунинг учун сизга 2 ош қошиқ хантал кукуни, 2 ош қошиқ иссиқ сув, 1 та тухум, шунингдек, 2 ош қошиқ ёғ ва 1 ош қошиқ шакар керак бўлади. Аралашма ҳолига келтириб, соч илдизига суртинг. Толанинг учига ниқоб тегмаслиги учун исталган ёғдан суртишингиз мумкин. 15 дақиқадан 1 соатгача турса бўлади — тери аҳволидан келиб чиқиб иш тутинг. Кейин эса шампунь ва кондиционерда ювиб ташланг.

Фен ва соч учун дазмоллардан фойдаланманг
Ҳар куни сочларни иссиқ ҳаво билан қуритиш ва 200 даражали плойка ҳамда дазмоллардан фойдаланиш соч толасининг учини шикастлайди. Шу сабаб табиий усуллардан фойдаланинг, сочингизни ювгандан кейин сочиққа ўраб, бошқа ишларингиз билан шуғулланинг.

Иссиқликдан ҳимоя қиладиган воситалардан фойдаланинг
Бир зумда сочларни қуритиш керак бўлиб қолса ва фен, плойкадан фойдаланмасликнинг иложи бўлмаса, иссиқликдан ҳимоя қиладиган воситалардан фойдаланиш керак. Восита шунчаки соч юзасида кўринмас ҳимоя қилувчи плёнка ҳосил қилади. Аммо фойдаланишдан аввал қўлланма билан танишиб чиқишни унутманг. Одатда ишлаб чиқарувчилар восита иш берадиган даражани белгилаб қўйган бўлади.

Сочингизни сочиққа қаттиқ ўраманг
Ҳатто табиий йўл билан қуритиш ҳам сочларга зарар етказиши мумкин. Шунинг учун сочиқни юмшоқ ва сифатли эканига эътибор қаратинг. Сочларни сиқиб ўраманг. Шунчаки енгил ҳаракатлар билан сочиқ ёрдамида қуритинг.

Нам соч билан ухламанг
Қуритишга вақтингиз бўлмаслигига амин бўлсангиз, ҳеч қачон сочларни ётишдан аввал юва кўрманг. Биринчидан, сочлар шикастланади. Иккинчидан эса, эрталаб тартибсиз сочлар билан уйғонасиз.

Ёстиқ жилдини алмаштиринг
Қаттиқ чойшаб соч тўкилиши ва токланишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун шикастлантирмайдиган шойи матосидан тикилган ёстиқ жилдидан фойдаланинг.

Сочларни эҳтиёткорлик билан таранг
Сочни намлигида тараманг, яхшиси, қуришини кутинг. Ёки тарашни осонлаштирадиган воситалардан фойдаланинг. Спрейлар сочни қўшимча намлантириб, чигалларни ечишга ёрдам беради. Сочни учидан бошлаб юқори томон таранг. Шунингдек, мутахассислар сочни кечаси мунтазам равишда тарашни тавсия қилади.

Сартарошхонага боринг
Сартарошга бориб вақт-вақти билан сочларни калталатиб туринг. Гуллагани ҳисобига сочлар ўсмайди ва тартибсиз кўринади. Сартарошлар сочни ҳеч бўлмаганда уч ойда бир марта кестиришни тавсия қилади.

Балиқ, мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилинг
Лосос, тунец, скумбрия ва форел омега-3 ёғ кислоталарига бой бўлади. Темир моддасига бой маҳсулотлар, масалан, олма, карам ва қовоқ истеъмол қилинг. Сувсизланиш сочларнинг қуриши ва мўртлашишига олиб келмаслиги учун суюқлик ичишни ҳам канда қилманг. Дорихоналардан витамин харид қилишдан аввал эса шифокор билан маслаҳатлашинг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Сочлар ўсиши учун нима қилиш керак? Оддий, аммо самарадор бўлган 16 тавсия