«Юқори даромад ортида катта масъулият туради» – Тошкентдан туриб Америка йўлларини бошқарган диспетчер Юсуфхўжа Махамадхўжаев ҳикояси

«Юқори даромад ортида катта масъулият туради» – Тошкентдан туриб Америка йўлларини бошқарган диспетчер Юсуфхўжа Махамадхўжаев ҳикояси
Юсуфхўжа Махамадхўжаев Broker-Carrier Summit логистика анжуманида
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • 22 ёшли Юсуфхўжа Махамадхўжаев Тошкентдан туриб АҚШ юк ташиш бозорида фаолият юритувчи энг юқори даромадли диспетчерлардан бирига айланди.
  • 2021-йилда ўқиш контрактини тўлаш мақсадида иш бошлаган йигит, вақт ўтиши билан ойлик даромадини 100-140 миллион сўмгача етказишга муваффақ бўлди.
  • У ўз муваффақиятини инглиз тилини билиш, музокара олиб бориш, молиявий ҳисоб-китоб ва жамоани бошқариш кўникмалари билан изоҳлайди.

2021 йил. 17 ёшли Юсуфхўжа Махамадхўжаев Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтига ўқишга кирди. Қабул хати қўлда, энди кўндаланг савол турарди: йиллик қарийб 3 минг долларлик контрактни ким тўлайди? Илгари бундай пулни ўзи ишлаб топмаган йигит учун бу жуда катта сумма эди.

Беш йил ичида эса ўша йигитнинг ойлик даромади 100 миллион, айрим даврларда ҳатто 140 миллион сўмга (ҳозирги курс бўйича тахминан 8,3–11,6 минг доллар) етди. Бу – унинг биринчи маошидан 30 баробардан ҳам кўп. Бугун 22 ёшли Юсуфхўжа Тошкентдан туриб АҚШ юк ташиш бозорига хизмат кўрсатаётган, логистика соҳасидаги энг юқори даромадли диспетчерлардан бири.

Zamin.uz Юсуфхўжанинг 17 ёшида бошланган тунги сменалари, даромади ўсишига туртки бўлган кўникмалар ва ўз логистика мактабини очиш режаси билан қизиқди.

Эрталаб тўққиздан кечки олтигача

Юсуфхўжа Тошкент шаҳрида туғилган. Олти ёшида Сеҳриё мактабига боради ва 11-синфгача шу ерда ўқийди. Бу мактаб ўша пайтда пойтахтдаги илк хусусий, пуллик мактаблардан бири эди: дарслар эрталаб соат 9:00 дан кечки 18:00 гача давом этарди.

«Бу тартиб менга вақтни қадрлашни, интизомли бўлишни ва бошлаган ишимни охирига етказишни ўргатган. Ёшлигимдан оиламга таянч бўлишни хоҳлаганман, қарорларни ўзим қабул қилиб, улар учун жавобгарликни ҳис қилишга ўрганганман», – дейди у.

Болаликда шаклланган бу мустақиллик кейинчалик кутилмаган вазиятларга тўла касбда унинг энг кучли қуролларидан бирига айланади.

Юсуфхўжа Махамадхўжаев (ўнгда) анжуманда соҳа вакиллари билан
Юсуфхўжа Махамадхўжаев (ўнгда) анжуманда соҳа вакиллари билан

3 минг долларлик савол

«Оиламизнинг шароити ўртача эди: зарур нарсаларимиз бор эди, лекин катта харажатларни олдиндан режалаштириш керак бўларди», – дея эслайди Юсуфхўжа.

Ечимни дўстларидан бири таклиф қилади. Унинг инглиз тилини яхши билишини билган дўсти шу билимидан фойдаланиб логистика соҳасида иш излашни маслаҳат беради. Ўша йиллари Тошкентда АҚШ юк ташиш компаниялари билан ишлайдиган жамоалар кўпайиб, инглиз тилини биладиган ёшлар шу йўналишга кириб келаётган эди.

«Дастлабки туртки дўстимнинг маслаҳатидан келган, лекин иш бошлаш ва шу йўлда давом этиш қарорини ўзим қабул қилганман. Аввалига мақсад контрактни тўлаш ва оиламга тушадиган юкни енгиллаштириш эди. Кейин логистиканинг ўзи қизиқтира бошлади: ҳар куни янги вазият, янги муаммо ва уни ҳал қилиш имконияти бор эди», – дейди қаҳрамонимиз.

Шу тариқа ўқиш пули учун бошланган иш аста-секин касбга айланади.

Кечки бешдан тунги учгача

Илк иш кунлари осон кечмайди. Маълум бўладики, тилни билиш бошқа, ундан ҳайдовчилар ва брокерлар билан жонли иш жараёнида фойдаланиш бошқа экан.

Энг оғири эса вақт эди. Жамоа АҚШ вақти билан ишларди: Тошкентда смена кечки соат бешда бошланиб, тунги учгача давом этарди. Эрталаб соат тўққизда эса университетда бўлиш керак эди.

«Уч-тўрт соат ухлаган кунларим ҳам, деярли ухламасдан дарсга борган пайтларим ҳам бўлган. Чарчардим, баъзан дарсда диққатни жамлаш қийин бўларди. Лекин нима учун бошлаганимни эслаб турардим: ўқишни давом эттириш, контрактни тўлаш, мустақил бўлиш», – дейди у.

Шундай кун тартибида ҳам у спорт залини ташламаган: машғулотлар иш босимидан чиқишга ёрдам берарди. Вақт ўтиб, яна бир ҳақиқатни англайди: узоқ муддат самарали ишлаш учун дам олишни ҳам режанинг бир қисмига айлантириш керак.

Юсуфхўжа Махамадхўжаев (чапда) анжуман иштирокчилари билан
Юсуфхўжа Махамадхўжаев (чапда) анжуман иштирокчилари билан

3 миллиондан 140 миллионгача

Юсуфхўжанинг биринчи ойлик маоши 3 миллион сўм бўлган. Ўша пайтдаги курс бўйича бу 300 долларга ҳам етмасди, лекин 17 ёшли талаба учун мустақил ҳаёт сари муҳим қадам эди. Тажриба ва масъулият ортгани сари даромад ҳам ўсиб боради.

«Бу натижага бирданига эришмаганман. Инглиз тили соҳага кириш имконини берган бўлса, кейинги ўсишим ишнинг ўзини чуқур ўрганишимга боғлиқ бўлган: бозорни тушуниш, фойдали юкларни олиш, харажатларни ҳисоблаш ва брокерлар билан ишончли муносабат ўрнатиш», – дейди у.

Унинг айтишича, даромади ўсишига энг кўп учта кўникма таъсир қилган: музокара, молиявий ҳисоб-китоб ва жамоани бошқариш. Музокарада эса гап чиройли сўзда эмас, далилда: брокерга машина қаердалигини, ҳайдовчининг имкониятини ва юкни белгиланган вақтда етказиб бера олишингизни аниқ тушунтира олиш керак. Ишонч эса ваъда бажарилгандан кейин шаклланади.

Стрессга чидамлиликни эса у шунчаки босимга чидаш деб билмайди: «Қийин вазиятда ҳиссиётга берилмай, устувор вазифани аниқлаш ва тўғри ҳаракат қилиш керак. Шошилиб айтилган битта гап ҳайдовчи билан муносабатга ҳам, мижознинг ишончига ҳам таъсир қилиши мумкин».

Бурилиш нуқтаси – кўпроқ масъулият олиш қарори бўлди. Юсуфхўжа фақат ўз ишини бажариш билан чекланмай, ходимларни йўналтириш ва жамоанинг умумий натижаси учун жавоб беришга ўтади. 2021 йилдан 2026 йил сентябргача ишлаган компаниясида жамоа хизмат кўрсатадиган юк машиналари сони 50 тадан 150 тага етди. Бу давр унга муҳим сабоқ ҳам берган: раҳбарнинг кучи ишни ўзи бажаришда эмас, вазифани тўғри тақсимлаш ва одамларга ишонч билдиришда.

«Албатта, бу бутун жамоанинг меҳнати. Мен ишни мувофиқлаштириш, ходимларни бошқариш ва ортиб бораётган ҳажмни назорат қилиш орқали ҳисса қўшганман. Мен учун асосий савол доим битта бўлган: компанияга қандай фойда келтиряпман? Чунки юқори даромад ортида аниқ натижа, ишонч ва катта масъулият туради. Аввало натижаларимни яхшилашга эътибор берганман, даромад эса шу билан бирга ўсиб борган».

Бир неча қадам олдинни кўриш

Ташқаридан диспетчернинг иши юк топиб, ҳайдовчига манзил юборишдек кўринади. Юсуфхўжанинг айтишича, аслида ҳар бир ташув ортида мураккаб ҳисоб-китоб туради.

«Юқори нарх таклиф қилинган юк ҳар доим ҳам фойдали бўлавермайди. Машина юк олиш жойигача қанча бўш юради, ёқилғига қанча кетади, ортиш ва туширишга қанча вақт сарфланади, етказиб бергач ўша ҳудуддан кейинги юкни топиш мумкинми – буларнинг барчасини олдиндан баҳолаш керак. Битта нотўғри қарор кейинги бир неча кунлик ишга таъсир қилади», – дея тушунтиради у.

Режа доим ҳам кутилгандек кетмайди: машина бузилади, омборда кутиш чўзилади, етказиш вақти ўзгаради. Бундай пайтда диспетчер тез қарор қилиши, мижозни ўз вақтида хабардор қилиши, ҳайдовчининг хавфсизлиги ва қонуний иш вақти чегараларини ҳам унутмаслиги керак. Business and Financial Management йўналишида олган билимлари айнан шу ерда асқатади: университет қарорларининг сабабини тушунишга, амалиёт эса улар учун жавоб беришга ўргатган.

«Кучли диспетчерни оддийсидан ажратиб турадиган нарса – бир неча қадам олдинни кўра олиш. У фақат бугунги юкни ёпмайди, бу қарор эртанги ишга қандай таъсир қилишини ҳам ўйлайди. Ваъдани ўйлаб беради, муаммони яширмайди, босим остида ҳам хотиржам мулоқот қилади», – дейди қаҳрамонимиз.

Юсуфхўжа Махамадхўжаев (ўнгда) Broker-Carrier Summit анжуманида
Юсуфхўжа Махамадхўжаев (ўнгда) Broker-Carrier Summit анжуманида

2022 йилдан бери Юсуфхўжа 12 та давлатда бўлди: БАА, Малайзия, Индонезия, Туркия, Испания, Португалия, Нидерландия, Белгия, Италия, Франция, Япония ва АҚШ. Алп тоғларида сноуборд ҳам учди. Унинг учун саёҳат – ҳам ҳордиқ, ҳам ўрганиш усули.

Энг кучли таассуротни Япония қолдиради: кундалик ҳаётдаги тартиб, жамоат транспортидаги тозалик, одамларнинг ёнидагиларни ҳам ҳисобга олиши. «У ердан вақтни ва бошқаларнинг қулайлигини янада кўпроқ қадрлаш керак, деган фикр билан қайтганман. Катта натижа кўпинча ҳар куни кичик вазифаларни пухта бажаришдан бошланади», – дейди у.

Юз нафар шогирд ва битта орзу

Янги ходимларга тушунтириш бериб юриб, Юсуфхўжа ўзи бошида қийналган масалаларда бошқаларга ёрдам бера олишини кўради. Шу тариқа у тахминан 100 нафар ўқувчини логистика касбига тайёрлайди.

«Шогирдларга аввало касбнинг масъулиятини тушунтираман. Диспетчернинг ҳар бир қарори ортида ҳайдовчининг вақти, компаниянинг харажати ва мижознинг ишончи туради. Мени энг кўп қувонтирадиган нарса – бошида ҳар бир қадамни сўраб бажарган ўқувчининг кейинчалик вазиятни ўзи таҳлил қилиб, асосли ечим таклиф қила бошлаши».

Энди унинг олдида янги марра бор. Келгуси 5–10 йилга мўлжалланган режалари орасида ўз логистика мактабини очиш, ёшларни нолдан АҚШ юк ташиш компаниялари билан ишлашга тайёрлаш ва энг яхши битирувчиларни ўзи ишлаётган ҳамда ҳамкор компанияларга жалб қилиш бор.

«Бизда қобилиятли, инглиз тилини биладиган, ишлашга тайёр ёшлар жуда кўп, лекин айримлари нимадан бошлашни билмайди. Бир пайтлар дўстимнинг маслаҳати менга янги йўл очган. Энди мен ҳам бошқаларга шундай йўл кўрсатмоқчиман».

Реклама ҳуқуқи асосида

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар